Яқинда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зўравонликка учрагани ортидан очилган резонанс ишда қисман адолатга эришган Гулираъно Қосимова навбатдаги видео мурожаати билан яна жамоатчиликка юзланди. Бу мурожаат Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва мансабдорларни жавобгарликка тортиш борасида сиёсий ироданинг етишмаслигини кўрсатади.
Суд Фурқат тумани ИИБ раҳбари ва унинг ўринбосарини тўрт йил муддатга манзил колонияга ҳукм қилган бўлса-да, бевосита зўравонликда иштирок этган яна тўққиз нафар ИИБ ходимлари ҳеч қандай айбловсиз озодликда қолмоқда. Бироқ 28 ноябрь куни судья прокуратурага йўлланган кўрсатмада суд жараёнлари давомида аниқланган ҳолатлар айрим жиноят содир этган шахслар жавобгарликка тортилмаганини кўрсатгани, шу боис прокуратура жиноят иши қўзғатиш-қўзғатмаслик масаласини ҳал қилиши лозимлигини таъкидлаган.
Қосимова дастлаб суддан кейин омма олдида чиқиш қилмасликка қарор қилган. У суд кўрсатмасига мувофиқ прокуратура қолган айбдорларни ҳам жавобгарликка тортишига ишонган. “Мен интернетда чиқишларни тўхтатаман ва қолган тўққиз нафар ходим бўйича прокуратуранинг хулосасини кутаман, деб айтгандим”, — дейди у. Унинг таъкидлашича, бу сукутни бузиш ихтиёрий қарор эмас, балки қўрқув сабаб мажбурий қадам бўлган.
Қосимова бир неча бор бу мурожаати эҳтимол сўнггиси бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
“Балким, бу менинг сўнгги мурожаатимдир”, — дейди у ва ҳозир атрофи “даҳшатли жиноятчилар” билан ўралганини, таҳдидлар эса энди мавҳум эмаслигини тушунтиради. “Оиламга, ўзимга таҳдидлар бўлаяпти”, “балким, ризқим бўлса кўп яшарман, балким ўлдиришар”, — дейди у.
Унинг фикрича, у дуч келаётган қўрқитиш даражаси ва самарали ҳимоя чораларининг йўқлиги шароитида қонун эндиликда уни ҳимоя қила олмаслиги мумкин.
Қосимованинг айтишича, у номаълум рақамлардан шубҳали қўнғироқлар ола бошлаган. Бир ҳолатда, бир эркак унга қўнғироқ қилиб, коммунал тўловлар бўйича қарзи борлигини айтган ва шахсан учрашишни талаб қилган. Қосимова ундан телефон рақамини қаердан олгани, нима сабабдан қўнғироқ қилаётгани ва қандай ваколатга эгалигини сўраган. У аниқ маълумот талаб қилганида, қўнғироқ қилувчи суҳбатни тўхтатиб телефонини ўчириб қўйган. Кейинроқ маълум бўлишича, бу шахс оғир жиноий ўтмиши бор инсон бўлган. Қосимова учун бу оддий тушунмовчилик эмас, балки онгли равишда қўрқитишга қаратилган ҳаракат эди.
Қосимова бу қўнғироқларни суддан кейин кучайган таҳдидлар занжири билан боғлайди. Бу таҳдидлар унинг яқин оила аъзоларига, жумладан фарзандларига ҳам тегишли бўлган. Унинг сўзларига кўра, қўнғироқ қилувчилардан бири фарзандларига нисбатан таҳдидли ишоралар қилган. “…мен онaман. Агар қизларим ёки ўғлим олдида бирор нарса бўладиган бўлса, мени ҳеч қандай қонун, ҳеч қандай нарса тўхтатолмайди…” дейди у. Унинг сўзлари доимий қўрқув ҳолатини акс эттиради: болаларнинг мактабга бориб-келиши, кўз ўнгида бўлиши ва ҳимоясиз қолиши ҳар куни хавотир манбаига айланган.
Қосимова мурожаатида бир неча бор ўз сўзлари паранойядан эмас, балки шахсий бошидан ўтган ҳодисларга таянаётганини таъкидлайди. У иши оммага ошкор бўлганидан кейин жиноий ўтмиши бор шахслар гўё “тасодифан” унинг ҳаётида пайдо бўла бошлаганини айтади. “Бундан олдин бундай одамлар ҳаётимда умуман учрамаган” — дейди у. Унинг фикрича, бу ерда ҳеч қандай тасодиф нарса йўқ, балки бу уни қўрқув орқали жим қилишга қаратилган онгли уринишдир.
Жабр етказганлар билан бир муҳитда яшаш: лавозимга қайтариш, бефарқлик ва руҳий зиён
Қосимовани энг кўп изтиробга солаётган омиллардан бири — унга нисбатан зўравонликка алоқадор шахсларнинг ҳали ҳам ҳуқуқ-тартибот тизимида қолиб ишлаётганидир. Унинг айтишича, ишга дахлдор ходимлардан камида бири раҳбарлик лавозимидан олинган, аммо кейинчалик секингина яна ишга қайтарилган. “…ўша пайти бўлим бошлиғи бўлган одамни ишдан олишган, кейин яна учасковий қилиб тиклаб қўйишибди. Бўлар экан-да. Демак, бошлиқ айтса, топшириқ берса, ҳамма нарса мумкин экан?” Қосимова учун бу жавобгарлик эмас, балки тизим томонидан ҳимоя қилинишига ишорадир.
Шунингдек, у суд жараёнида унга нисбатан зўравонликда бевосита иштирок этгани айтилган қолган тўққиз нафар ИИБ ходимининг масаласи ҳамон очиқ қолганини таъкидлайди. Қосимованинг сўзларига кўра, суд ушбу ходимлар бўйича материалларни алоҳида ажратиб, вилоят прокуратурасига юборишни белгилаган. Бироқ орадан бир ойга яқин вақт ўтишига қарамай, у ҳеч қандай сезиларли илгарилашни кўрмаяпти.
Қосимова ҳар куни уни ечинтирган, тасвирга олган ва таҳқирлаган одамлар билан тўқнаш келиб юриш қандай руҳий азоб эканини тасвирлайди.
“Тасаввур қилаяпсизми, — дейди у, — … мени ўша ечинтириб, ўша съёмка қилган одамларни ҳар куни афтини кўришга мажбурман. Бунинг қандай оғирлигини биласизларми?”.
Ҳеч қандай олдиндан қўлланилган интизомий чоралар, ҳимоя ордерлари ёки кафолатлар бўлмаган шароитда, Қосимова кўрган зиён ҳукм билан тугамади, у фақат бошқа шаклга кирди, холос.
Онлайн таъқиб, ёлғон маълумотлар ва ҳақиқатни айтишнинг баҳоси
Бевосита таҳдидлардан ташқари, Қосимова интернетда троллинг ва таъқиблар тўлқинига дуч келаётганини айтади. Унинг сўзларига кўра, номаълум аккаунтлар унинг шаънига тажовуз қилиб, унинг гапларини шубҳа остига олмоқда ва бошидан кечирган зўравонлик ҳолатларини масхара қилмоқда. Қосимова бу ҳужумлар тасодифий эмас, балки иш моҳиятини муҳокама қилишдан кўра уни обрўсизлантиришга қаратилган уюштирилган кампания эканига ишонади.
Қосимова қонунбузарлик бўйича далиллар етишмаслиги ҳақидаги даъволарни қатъий рад этади. “Менда керагидан ҳам ортиқ асос ва далиллар бор”, — дейди у ва айнан шу далиллар суд учун ишни инкор этиб бўлмас ҳолга келтирганини таъкидлайди. Унинг норозилиги фақат интернетдаги ҳақоратчиларга эмас, балки бундай кампанияларни чекловсиз ривожланишига йўл қўяётган кенг муҳитга ҳам қаратилган.
Видео мурожаатидаги энг безовта қилувчи лаҳзалардан бирида Қосимова агар ўзига бирор нарса бўлса, олдиндан чора кўрганини айтади. “Барча далилларим нусхаланган ва ишончли одамларга топширилган”, — дейди у, журналистлар ва рақамли нусхаларга эга бўлган шахсларни тилга олиб. Бу сўзлар унинг шахсий хавфсизлиги энди кафолатланмаганидан далолат беради.
Мурожаат давомида Қосимова бир оғриқли саволга қайта-қайта юзланади: нега у барча қонуний тартиб-таомилларга амал қилгани, омма олдида гапиришни тўхтатгани, ишига қайтгани ва қонунга ишонч билдирганидан кейин ҳам босим тўхтамаяпти? “Нега янги сценарийлар ўйлаб топиляпти?” — деб сўрайди у. Унинг овози қаршиликка чорловчи эмас, балки чуқур чарчоқни ифода этади. Аёл ва она сифатида очиқ айтар экан, у аёл киши йўқотиши мумкин бўлган деярли барча нарсасини — қадр-қимматини, хавфсизлик ҳиссини ва руҳий хотиржамлигини аллақачон йўқотганини қўшимча қилади.
Қосимованинг мурожаати давлат ташкилоти зўравонлигидан жабр кўрганлар қандай қилиб қасос, таҳдидлар ва онлайн ҳужумлар олдида ҳимоясиз қолиб кетаётганини очиқлайди. Агар унга нисбатан таҳдидлар юзасидан тўлиқ ва ўз вақтида тергов ўтказилмаса, айбдор ходимлар вақтинча четлатилмаса ва самарали ҳимоя чоралари кўрилмаса, унинг азоб-уқубати ортиб бораверади.
Иш бўйича қисқача маълумот
Фарғоналик мактаб директори Гулираъно Қосимова 2025 йил апрель ойида ИИБ ходимлари томонидан калтаклаб ечинтирилган ва саҳналаштирилган операция вақтида тасвирга олинган. Ушбу операция, тахминларга кўра, туман солиқ идорасининг собиқ раҳбари Қурбонали Абдурахмоновга нисбатан зўрлаш айбловини сохталаштириш мақсадида ўтказилган. Фурқат туман ИИБ томонидан қўйилган ноқонуний талабга бўйсунмагани ортидан Абдурахмоновга нисбатан бу операция уюштирилган.
2025 йил ноябрь ойида Қува туман жиноят суди Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосарини айбдор деб топиб, уларни тўрт йил муддатга манзил колонияга ҳукм қилди. Шу билан бирга, суд томонидан зўравонликда бевосита иштирок этгани аниқланган камида тўққиз нафар ИИБ ходими на ишдан четлатилди, на жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳолат суд прокуратурага ушбу шахслар юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берганига қарамай сақланиб қолмоқда.

