Халқаро обрўсини сақлаб қолиш мақсадида илгари сўз эркинлигини либераллаштиришга интилган Ўзбекистон сўнгги вақтларда жамоатчилик муҳокамалари устидан назоратни кучайтириш, ҳукумат танқидчиси деб баҳоланган блогерларни кузатиш ва жазолаш томон тобора оғмоқда. Президент Мирзиёевнинг аввалги очиқлик ваъдаларининг амалий қиймати қолмади — буни ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқидан фойдаланган шахсларга нисбатан давом этаётган ҳибслар яққол кўрсатмоқда.
2025 йил 20 ноябрь куни Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туман жиноят суди маҳаллий блогер Давран Мамиржановни интернет орқали президентни оммавий ҳақорат қилиш жиноятида айбдор деб топди. Муқаддам судланмаган, тўрт нафар фарзанднинг отаси бўлган Мамиржанов 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг айблови YouTube каналига жойлаштирган (ҳозирда мавжуд бўлмаган) битта видеода гўёки ҳақоратли сўзлар бўлгани, шунингдек, интернетдан юклаб олинган айрим аудио, фото ва видео материалларни дўстига буни бошқаларга тарқатмаслигини сўраб Телергам орқали юборганлиги билан боғлиқ.
34 ёшли Мамиржанов 2025 йил 2 октябр куни “ИИБ ва миллий хавфсизлик хизматлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида” ҳибсга олинган. Ўн кундан сўнг унга Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (интернет орқали президентни оммавий ҳақорат қилиш ёки туҳмат қилиш) бўйича айблов қўйилган. Бу модда энг кўп билан 5 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.
Ушбу айбловга асос бўлган ҳуқуқий нормалар 2021 йилда жорий этилган бўлиб, шундан буён ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан фаол қўлланиб келинмоқда. Амалда эса қонун нафақат очиқ онлайн контентга, балки шахсий ёзишмаларга, жумладан Telegram ёки WhatsApp орқали битта шахсга юборилган файлларга ҳам татбиқ этилмоқда.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум” ташкилоти томонидан таҳлил қилинган суд қарорига кўра, Мамиржанов “YouTube ижтимоий тармоғида “ХАЛҚ ГАПИРСИН” номли канали орқали Ўзбекистон Республикаси Президентини обрўсизлантиришга ва ҳақорат қилишга қаратилган видеоматериалларни 2025 йил апрель ойига қадар жойлаштирган”, шунингдек телефонида Eltuz ва Ozodlik каналларидан юклаб олинган “ҳақоратли видео ва аудио материаллар”ни сақлаган.
Суд қарорида қайси муассаса томонидан ва кимлар иштирокида ўтказилгани кўрсатилмаган ҳолда “суд-сиёсатшунослик-лингвистика экспертизасининг” хулосасига таянилган. Ушбу таҳлил президентга қаратилган видеомурожаатда “обрўсизлантириш ва ҳақорат ҳолати мавжуд” деган хулосага келган. Масалан, “Президентимиз шунча чиқиб олиб, адолат-адолат дейди, қанақа адолат бу Ўзбекистонда?” каби жумлалар келтирилган. Шу видеода, аниқ бир шахсга қаратилмаган бўлса-да, “ноинсоф” ва “тупой” каби сўзлар ишлатилгани сабабли у “ҳақоратли” деб баҳоланган. Бироқ мазкур видеолар ва бошқа материаллар ҳозирда интернетда мавжуд эмаслиги сабабли уларнинг контекстини баҳолашнинг имкони йўқ.
Айбловнинг катта қисми Мамиржановнинг ўзи яратган ёки эълон қилган материалларга эмас, балки интернетда аввалдан мавжуд бўлган ва у Telegram орқали дўстига шахсий тарзда юборган файлларга асосланган. Улар орасида бошқа фойдаланувчилар, жумладан сиёсий сабаблар билан мамлакатни тарк этган собиқ маҳбус Сафар Бекжон томонидан тайёрланган видеолар ҳам бор. Айрим видеоларда “Индонезияликнинг Шавкатдан жаҳли чиқди. Ўзбекистонда мусулмонларга сен зулм қиляпсанми? Тфу… сенга” каби иборалар келтирилгани айтилган. Айблов бу каби фикрларни давлат раҳбарига нисбатан норозилик ва ҳақорат сифатида баҳолаган.
Иш материалларида шунингдек “Ерга кириб кетгин” каби ёзувлар (президент сурати остидаги изоҳда) ва “Шавкат – аферист”, “Мирзиёев қочиш арафасида”, “Рустам Иноятов вафот этдими?” каби видеосарлавҳалар ҳам ҳақоратли деб талқин қилинган. [Рустам Иноятов — 2018 йилгача Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган нуфузли ва баҳсли шахс бўлиб, унинг ўлими ҳақида сўнгги йилларда турли миш-мишлар тарқалган — таҳр.]
Мамиржановнинг хабарларини олган дўстининг айтишича, у 2025 йил 18 апрель куни ИИБга чақирилган, ўша ерда унинг телефони мусодара қилиниб, файллар аниқланган. У, шунингдек, Мамиржанов материалларни бошқаларга тарқатмасликни очиқ айтганини тасдиқлаган.
Мамиржанов судда 2024 йил 1 май куни “Халқ гапирсин” YouTube каналини очганини ва ҳибсга олингунига қадар 52 та видео жойлаганини айтган. Қарийб 93 минг обуначиси бўлган ушбу канал асосан маиший ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга бағишланган бўлиб, унда интервьюлар ва фуқароларнинг маҳаллий ҳокимиятга қаратилган мурожаатлари жойлаштирилган.
Суд қарорида айрим материаллар, хусусан Eltuz ва Ozodlik каби мустақил манбалардан олинган контент президентни “ҳақорат қилувчи” ва “обрўсизлантирувчи” деб баҳолангани айтилса-да, айнан қайси сўзлар ҳақорат деб топилгани кўрсатилмаган.
Мамиржанов материалларни тарқатишдан ёмон нияти бўлмагани, фақат дўсти билан муҳокама қилишни истаганини билдирди. “Мен кеч тушундимки, бу ҳаракатларим президентга нисбатан ҳақорат сифатида қабул қилиниши мумкин экан”, деди у суддан енгиллик сўраб. Бироқ бу иқрор ва илтимосга қарамай, судья унга оғир жазо тайинлади.
Ижтимоий тармоқлар Ўзбекистонда фуқаролик жамияти учун сўнгги минбарлардан бири бўлиб қолмоқда. Аммо блогерлар ва интернет фойдаланувчиларига нисбатан давом этаётган таъқиблар қўрқинчли бир сигнални беради: «Сўз эркинлиги ҳуқуқингиздан фойдалансангиз, хавфни ўзингиз зиммангизга оласиз.»

