БМТ экспертлари ўзбошимчалик билан ҳибсда сақлашдан дарҳол озод қилиш ва компенсация тўлашга чақирмоқда.
Берлин, 2025 йил 31 март – Ўзбекистон ҳукумати 2021 йил декабр ойидан бери мажбурий равишда психиатрия шифохонасида сақланаётган блогер ва фаол Валижон Калоновни дарҳол озод қилиши ва унга компенсация тўлаши лозим, – дея бу ҳақда бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ўзбек форуми” ва “Human Rights Watch” ташкилотлари маълум қилди.
2025 йил 28 февраль куни Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбошимчалик билан ҳибсда ушлаб туриш бўйича ишчи гуруҳи (WGAD) Калоновнинг халқаро инсон ҳуқуқлари қонунчилиги доирасида сақланиш қонунийлигини кўриб чиқди. Ишчи гуруҳ уни «ўзбошимчалик билан ҳибсда ушлаб турилган» деб ҳисоблаб, ҳукуматни «уни дарҳол озод қилиш ҳамда компенсация ва бошқа зарарларни қоплаш ҳуқуқини таъминлаш»га чақирди.
«Валижон Калоновнинг мажбурий психиатрия шифохонасида сақланиши давлат сиёсатини танқид қилгани учун қасосдан бошқа нарса эмас. Калонов зўравонликка чақирмаган, зўравонлик билан таҳдид қилмаган ва ҳеч кимга хавф туғдирадиган ҳаракат қилмаган».
– деди Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ўзбек форуми” ташкилоти директори Умида Ниязова.
Валижон Калонов — 55 ёшли блогер, Ўзбекистоннинг марказий қисмида жойлашган Жиззах шаҳридан. У Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилиб келган ва 2021 йилда президентлик сайловларини бойкот қилишга чақирган. Шунингдек, у Хитойнинг уйғурларга нисбатан камситувчи сиёсатига қарши чиқиш қилган.
2021 йил август ойида ҳукумат ташкилотлари уни ҳибсга олиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилган баёнотлари асосида “жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш” ва “интернетда президентни ҳақорат қилиш” каби айбловлар билан жавобгарликка тортди. Расмийлар унинг баёнотларида «диний фундаментализм ғоялари» ҳамда Ўзбекистон президентига нисбатан оммавий ҳақорат ва туҳмат мавжудлигини таъкидлаган.
2021 йил декабрь ойида суд Калоновни жиноий жавобгарликка тортишнинг иложи йўқлигини англаб, мажбурий тарзда руҳий даволаниши кераклиги ҳақида қарор чиқарганидан сўнг Жиззах вилоятидаги психиатрия шифохонасига жойлаштирилди. Калоновни яхши таниганлар уни ҳибсда сақлаш учун асос бўладиган даражада унинг руҳий саломатлигида нуқсони йўқлигини таъкидламоқда.
Суднинг 2021 йилдаги қарорида давлат буюртмаси асосида тайёрланган Калоновга оид психиатрия экспертизаси хулосасига таянилган ҳолда суд қуйидаги хулосага келгани қайд қилинади: «Калонов Валижон обсессив-компулсив невроз (ОКР) ва мантиқий тафаккур бузилиши шаклидаги сурункали руҳий хасталикка чалинган. Жиноят содир этилган вақтда у ўз хатти-ҳаракатларини тўлиқ англамаган ва тўғри баҳолай олмаган. Калонов содир этган жиноят, унинг руҳий ҳолати ва касаллиги жамият учун хавфли бўлиши мумкин».
Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаганидек, мазкур иш Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўз танқидчиларининг овозини ўчириш ва обрўсизлантириш мақсадида сохта психиатрия хулосалари ва мажбурий психиатрия даволаниш усули қўлланилган биринчи ҳолат эмас. Калоновнинг ҳибсда ушланиши фаолларга нисбатан асоссиз равишда руҳий касаллик ташхиси қўйилиши ва давлат топшириғи асосида суд-тиббий экспертизалар ўтказилишига оид ўхшаш ҳолатлар сирасига киради.
Ветеран инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева 2001-2016 йиллар оралиғида беш марта мажбурий равишда психиатрия шифохонасида сақланган. Шифохонада уни бир неча соат давомида каравотга боғлаб қўйишган ва мажбурий равишда психотроп дори-дармонлар юборишган. Оқибатда, бу унинг жисмоний ва руҳий саломатлигига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатган.
Нью-Йорк юридик университети (New York Law School)нинг фахрий профессори Майкл Перлин Халқаро руҳий ногиронлик ҳуқуқини ислоҳ қилиш лойиҳасининг асосчи директори ҳисобланади. У БМТнинг ишчи гуруҳига берилган шикоят бўйича ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган ва ҳуқуқ ҳимоячиларига шундай дейди:
«Мажбурий психиатрияда ҳибсда сақлаш — тиббиёт фанининг варварона суиистеъмол қилиниши бўлиб, бу амалиёт Совет даврига бориб тақалади. Ҳозирги каби ҳолатларда бундай чоралар нотўғри муомала қилишни тақиқловчи қоидаларни бузиш ҳисобланади ва зудлик билан тақиқланиши керак.»
2025 йил 28 февраль куни ўз фикрини билдирган БМТ ишчи гуруҳи Калоновнинг ҳибсда ушланиши Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 2, 7 ва 19-моддалари ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2, 19 ва 26-моддалари бузилиши эканлигини хулоса қилди. Ишчи гуруҳ Ўзбекистон ҳукуматини «Калоновнинг ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум этилишига олиб келган вазиятлар бўйича тўлиқ ва мустақил тергов ўтказиш» ҳамда унинг ҳуқуқларини бузганларга нисбатан тегишли чоралар кўришга чақирди.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари Ўзбекистон ҳукуматидан Калоновни дарҳол озод қилиш ва ишчи гуруҳ қарорига мувофиқ зарарни қоплашни талаб қилишлари керак. Шунингдек, улар 2023 йил февраль ойида блогер Отабек Сатторий ишига доир бошқа ишчи гуруҳнинг қарорини тўлиқ амалга оширишга чақиришлари лозим. Ишчи гуруҳнинг ўша қарори хулосасига кўра, «Сатторийнинг қамоққа олиниши ва кейинчалик ушлаб турилишига, аслида, унинг сўз эркинлигидан фойдаланиши сабаб бўлган» ва уни дарҳол озод қилиш ҳамда зарарни қоплаш талаб қилинган эди. 2024 йил февраль ойида Сатторий муддатидан аввал озод қилинган бўлса-да, унга ҳеч қандай компенсация берилмаган.
Ўзбекистон ҳукумати яқинда Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидовнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шахсий мақоми бўйича эксперт сифатида сайланганини нишонлади. Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари органлари, шу жумладан Ўзбошимчалик билан ҳибсда сақлаш бўйича ишчи гуруҳи қарорларини амалга ошириш борасидаги фаолият қониқарсизлигича қолмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлаганидек, Ўзбекистон ҳукумати барча БМТ инсон ҳуқуқлари органлари ва экспертларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши ва уларнинг қарорларига мувофиқ ҳаракат қилиши лозим.
«Ўзбекистон ҳукумати Калоновни дарҳол озод қилиши керак, лекин шу билан бирга унга компенсация тўлаши ва унинг қандай қилиб психиатрия муассасасига тушиб қолганини текшириши лозим. Калонов бир кун ҳам ноқонуний ва ҳуқуқлари бузилган ҳолатда ҳибсда қолмаслиги керак.»
— деди “Human Rights Watch” халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман.

