Муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоятлар кўринишидаги мақсадли ҳужумлар, мустақил ижтимоий тармоқ каналларининг ўчирилишига олиб келгани, Ўзбекистонда сўз эркинлигини бостиришнинг янги ва самарали усуллари пайдо бўлганини кўрсатмоқда.
Бу усуллар мустақил оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тегишли кўплаб машҳур ижтимоий тармоқ аккаунтларининг вақтинча тўхтатилиши ва бутунлай ўчирилишига сабаб бўлди ҳамда Meta ва YouTube каби платформаларда муаллифлик ҳуқуқи бўйича даъволар ва жамоа қоидалари устидан назорат етарли эмаслиги ҳақида жиддий саволлар туғдирмоқда.

Сўнгги қурбон — мамлакатдаги саноқли мустақил медиа ташкилотлардан бири бўлган AsiaTerra муҳаррири Алексей Волосовичдир. Ушбу нашр 2026 йил 19 февралда мазкур муаммо ҳақида хабар берган эди. 3 апрель куни Волосовичга AsiaTerra’нинг Facebook саҳифаси ўчирилгани ҳақида хабар келган. Facebook хабарномасида шундай дейилган: “Саҳифангиздаги контент учинчи томоннинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузгани ҳақида бир нечта шикоятлар келиб тушди.” Ким шикоят қилгани, уларнинг асослилиги ёки Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари муҳити ҳисобга олинмасдан, минглаб обуначилари ва ижтимоий адолат масалаларига оид катта архивга эга саҳифа бир кечада йўқ қилинди.

Апрель ойи бошларида эса таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдурахмон Ташановнинг 130 минг обуначига эга Facebook саҳифаси Meta томонидан ўчирилиб, бу орқали у аллақачон дуч келаётган босимни янада кучайтирди. Ташановнинг айтишича, у Facebook тармоғидан 20 йил давомида фақат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида касбий мақсадларда фойдаланган ва унинг кўплаб постлари ҳукуматга ёқмаган. Мувофиқлаштирилган трол кампаниялари Meta’га оммавий шикоятлар юборган ва шу орқали платформа маъмурияти унинг саҳифасини ўчирган.

2026 йил бошидан буён YouTube, Facebook ва Instagram’даги ўзбек фаолларига тегишли йигирмадан ортиқ аккаунтлар муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги даъволар асосида ўчирилди. Уларнинг материаллари уй-жой ҳуқуқлари, экологик зарар ва фермерлар ҳуқуқлари каби масалаларни қамраб олган. 31 минг обуначига эга “Tashkent – SNOS” жамоат гуруҳи ва Housing Info сайти раҳбари Фарида Шарифуллина айтишича, бу каби ҳужумлар деярли ҳар куни содир бўлмоқда.

Шарифуллинанинг Facebook аккаунти ҳам февраль ойида ўчирилган, аммо Meta’га қилинган кўплаб мурожаатлардан сўнг қайта тикланган. Шунга қарамай, Meta’нинг ноаниқ ва ёпиқ алгоритмлари муаммоси сақланиб қолмоқда ва мустақил овозларни бутунлай ўчириш хавфини туғдирмоқда.

Фаолларга қарши ҳужумлар фақат Ўзбекистон ичида яшовчилар билан чекланмайди. Берлинда яшовчи таниқли журналист Шухрат Бабажанов ҳам ўз Facebook саҳифасини тиклаш учун катта кураш олиб борди. Унинг саҳифаси кўплаб электрон почта орқали, жумладан сохта манзиллардан юборилган асоссиз муаллифлик ҳуқуқи шикоятлари натижасида ёпилган эди.

Яқинда эса халқаро ташкилот аралашуви туфайли Бабажановнинг саҳифаси бир ойлик блокдан кейин тикланди. Аммо алоҳида ҳолатлар бўйича ечимлар Meta’нинг авторитар давлатлардан келаётган шикоятларни қандай кўриб чиқишидаги тизимли муаммони ҳал қила олмайди.

30 март куни Facebook Канадада яшовчи ўзбек журналисти Улуғбек Хайдаров (Улуғбек Ашур) аккаунтини ҳам тўхтатди. У “Negativ” номли машҳур YouTube канали муаллифи ҳисобланади. Meta бу қарорни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги UzA томонидан берилган, эҳтимол, асоссиз шикоят асосида қабул қилди.

Швециядан туриб фаолият юритган Ўзбекистоннинг энг машҳур мустақил медиа лойиҳаларидан бири — Eltuz ҳам сўнгги икки йил давомида доимий ҳужумларга, жумладан киберҳужумларга дуч келиб, ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб аудиториясига эга каналларини деярли йўқотди. Муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги оммавий шикоятлардан сўнг Eltuz’нинг барча Facebook ва YouTube каналлари ўчирилди.

Бу каби ҳужумларни амалга ошираётган шахслар кўпинча сохта электрон почта манзилларидан фойдаланиб, ҳатто бу ишга алоқаси бўлмаган журналистлар номидан шикоятлар юборишади.

Meta’нинг модерация ва хавфсизлик тизимлари амалда ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши рақамли репрессияни осонлаштирмоқда. Марк Цукерберг каби технология магнатлари сўз эркинлигини ҳимоя қиляпмиз деб даъво қилса-да, улар хавфли ёки ёлғон ахборот тарқатаётган аккаунтларга қарши чора кўришда муваффақиятсизликка учраяпти, бир вақтнинг ўзида эса ҳуқуқларидан фойдаланаётган фаолларни жазога дучор қилмоқда.

Харажатларни қисқартиришга бўлган интилиш ва сунъий интеллектга ортиқча таяниш инсон иштирокисиз ишлайдиган, мулоҳаза ва адолатли баҳолашдан маҳрум соддалаштирилган тизимни юзага келтирди. Шу билан бирга, аккаунтни тиклаш жараёни жуда узоқ вақт талаб қилади ва кўпинча махсус ННТ каби учинчи томон аралашувини талаб этади.

Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматлари танқидий овозларни бостириш учун ҳеч қачон бу қадар қулай шароитга эга бўлмаган.

Аккаунтлар тикланган ҳолатларда ҳам Meta ва YouTube ўз тизимларидаги камчиликларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўргани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди. Бу ҳужумлар ҳақиқатан ҳам қонунбузарлик қилган шахсларга эмасб, айнан мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қаратилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар кун тартиби сўз эркинлиги соҳасида кескин секинлашди. Мирзиёев президентлигининг илк йилларида кузатилган медиа эркинлашуви аста-секин йўққа чиқарилиб, журналистлар, блогерлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари тасодифий таъқиб, босим ва ҳибс хавфи остида қолмоқда.

Ҳукумат шуни тушуниши керакки, ушбу овозларсиз халқаро инвесторлар, жумладан тараққиёт банклари ва текстиль компаниялари тўлиқ текширув ва манфаатдор томонлар билан мулоқотни амалга ошира олмайди.

Бизнес ҳамжамияти ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётган дипломатик миссиялар аниқ сигнал бериши керак: эркин ва цензурасиз медиа муҳити бўлмаса, инвестиция муҳити хавф остида қолади. Айнан шу сабабли кўплаб мода брендлари ва ритейлерлар Ўзбекистон бозоридан узоқлашган.

Шу билан бирга, Meta ва YouTube ўз модерация тизимларини масъулият билан бошқаришини таъминлаши, аккаунтларни тўхтатишдан олдин асл вазиятни ҳам ҳисобга олиши зарур, айниқса сўз эркинлиги хавф остида бўлган авторитар давлатларда.

Бундан ташқари, улар ҳужум қурбонларига тушадиган исботлаш юкини камайтириши, шикоятларни тезкор кўриб чиқиш механизмларини жорий қилиши ва бундай ҳужумларни амалга ошираётган шахсларни аниқлаб, жавобгарликка тортиши лозим.