Собиқ давлат амалдори Нозимжон Абдуллаев иши яна бир бор Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги қийноқлар муаммосини кун тартибига чиқармоқда. Яқинда Озодлик радиоси эълон қилган суриштирувда Абдуллаевнинг отаси Баҳодир Абдуллаев билан суҳбат қилинган. У 15 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган ўғлининг танасида қийноқ излари ва битмаган жароҳатларни кўрганини айтган.
Нозимжон Абдуллаев ким ва нега унинг иши муҳим?
Нозимжон Абдуллаев — Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг собиқ ходими 2025 йил 24 январда ҳибсга олинган. У ҳибсга олинишидан олдин Экология вазирлигининг Давлат инспекцияси бошқармаси бошлиғи, шунингдек, туризм соҳаси жумладан бир неча давлат идораларида фаолият юритган.
2025 йил июнь ойида Тошкентдаги Ҳарбий жиноят суди ёпиқ суд мажлисида Абдуллаевни Жиноят кодексининг бир неча моддаси, жумладан «давлатга хиёнат» бўйича айбдор деб топиб, уни 15 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Нозимжон Абдуллаев олти ой давомида Тошкентдаги Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг халқ орасида «Гвардейский» номи билан танилган тергов ҳибсхонасида сақланган. Абдуллаев отасига тергов изоляторида унга нисбатан оғир жисмоний ва руҳий қийноқлар қўлланилганини айтган. Жумладан, “дубинка” билан калтаклаш, танасининг айрим қисмларини куйдириш, омбир билан тирноқларини суғуриб олиш каби усуллар қўлланган.
Ўзбекистонда қийноқ қонун билан ва ратификация қилинган халқаро конвенциялар асосида расман тақиқланган. Бироқ амалда, айниқса хавфсизлик хизматларига тааллуқли қийноқ ҳақидаги даъволар деярли ҳеч қачон ошкора ва шаффоф тарзда текширилмайди, айниқса ишлар махфийлаштирилган ёки ёпиқ судларда кўрилганда.
Қийноқ ва мажбурий иқрорликка оид иддаолар
Қамоқдан отасига берилган ва Президент Шавкат Мирзиёевга йўлланган қўлда ёзилган хатида Абдуллаев бошидан кечирган даҳшатли қийноқлар ва бунинг сабабларини баён қилади. Унинг ёзишича, қийноқларнинг мақсади уни икки нафар юқори лавозимли амалдорни айбловчи ёлғон кўрсатма беришга мажбур қилиш бўлган: Президент администрациясининг собиқ ходими Комил Алламжонов ва ҳозирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ҳамда президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Азиз Абдуҳакимов. Абдуллаев турмадан чиқарган мактубида ёзишича, ДХХ ходимлари ундан камера олдида Алламжонов мустақил «Eltuz» нашрига маълумот узатгани учун 250 минг доллар олганини «тан олишини» талаб қилган.
Президентга ёзган мурожаатида Абдуллаев терговчилар унинг ишини «Eltuz» сайтида 2025 йил 20 январда эълон қилинган (кейинчалик ўчирилган) «Бош вазир ҳар бир қурилиш лойиҳасидан 20 фоиз откат олади» сарлавҳали мақола билан боғлашганини билдиради. Мақолада давлат қурилиш лойиҳаларидаги йирик коррупция хакида айтилади. «Eltuz» манбаларга кўра, гўёки Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳар бир йирик давлат қурилиш лойиҳасидан 20 фоизлик «откат» олади.
Қийноқларга қарамай, Нозимжон Абдуллаев айбини тан олишдан бош тортган ва мақолага алоқадорлигини инкор этган. « …улар менга руҳий ва жисмоний зулм ўтказиб, ҳатто ўлдириб юбориш билан таҳдид қилди…», — деб ёзади у.
«Eltuz» бош муҳаррири Қудрат Бобожонов Озодликка Нозимжон Абдуллаев ҳеч қачон «Eltuz» билан ҳамкорлик қилмагани ва улар билан алоқада бўлмаганини тасдиқлаган.
Нозимжоннинг отаси Баҳодир Абдуллаев 2025 йил декабрда Навоийдаги колониясида икки кун давом этган учрашувда ўғлининг танасида куйиш изларини кўрганини айтган. «У менга тирноқларини кўрсатди ва тергов пайтида уларни суғуриб олишганини айтди», — дейди у. Бундан ташқари, ота-онаси тиббий ёрдам атайлаб рад этилганини ҳам билдиришди. Абдуллаев қандли диабет касали билан оғриган, бироқ отасининг айтишича, унга олиб борилган дорилар берилмаган. «Дориларни ўзим олиб борардим, — деди Баҳодир Абдуллаев. — Лекин олиб борганимизда ҳам унга беришмасди. Унинг касаллигидан босим ўтказиш учун фойдаланишган».
Маҳкум Нозимжон Абдуллаев қийноқларга масъул деб икки нафар ДХХнинг собиқ юқори лавозимли ходимини тилга олади: полковник Алижон Ашуров ва подполковник Ганжар Узоқов. Улар аввал Озодликнинг «Офис» деб аталган норасмий тузилма ҳақидаги суриштирувида тилга олинган. Суриштирувга кўра, бу тузилма йирик бизнес вакиллари ва таъсирли амалдорларни текширувлар билан қўрқитиб, улaрдан катта миқдорда пул ундириш учун тузилган эди.
Ёпиқ судлар ва махфий далиллар
Абдуллаев иши ёпиқ судда кўриб чиқилган, иш материаллари эса махфийлаштирилган. Шу сабабли далилларни мустақил равишда текширишнинг иложи йўқ.
Инсон ҳуқуқлари фаолларининг таъкидлашича, ёпиқ судлар, махфий далиллар ва қийноқ ҳақидаги даъволарнинг бирлашуви қонунбузарликка қулай шароит яратади. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати жамоатчиликка ҳисобдор эмас, унинг ҳибсхоналарига мустақил кузатувчилар киролмайди, ходимлар устидан тушган шикоятлар эса деярли эълон қилинмайди.
Бу ишнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига таъсири
Ўзбекистон раҳбарияти суд-ҳуқуқ ислоҳотлари зарурлиги ва ўтмиш амалиётларидан воз кечиш ҳақида тез-тез гапирса-да, сиёсий жиҳатдан нозик ишлар ҳанузгача ёпиқ ва шаффоф бўлмаган тартибда кўрилмоқда. Айниқса миллий хавфсизлик идоралари билан боғлиқ қийноқ айбловлари текширув ўрнига сукут билан қарши олинмоқда.
Миллий ва халқаро қонунларга кўра, қийноқ ҳар қандай шароитда қатъиян тақиқланган ва қийноқ ёрдамида олинган кўрсатмалар судда яроқсиз ҳисобланади. Аммо судлар ёпиқ, далиллар махфий бўлса, бу меъёрларга амал қилинаётганини текширишнинг самарали механизми қолмайди.
Маҳкум мулозимнинг отаси Баҳодир Абдуллаев айтганидек: «Бизлар бошқа ҳеч нарса сўрамаяпмиз, фақат адолат қарор топишини сўраяпмиз».
Ушбу мақола Озодлик нашри томонидан тайёрланган материаллар асосида ёзилди.

