“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум”нинг янги ҳисоботи

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум” ташкилотининг «Бош тортишнинг иложи йўқ»: Ўзбекистон ипакчилик соҳасида давлат томонидан мажбурий меҳнатга жалб этиш ва эксплуатация» номли янги ҳисоботида фермерлар давлат органлари вакиллари томонидан пилла етиштиришга мажбурланаётгани, акс ҳолда жазоланиш хавфига дуч келаётгани баён қилинган. Ҳисобот Ўзбекистоннинг бешта вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 21 та туманда уч йил давомида олиб борилган мониторинг натижаларини қамраб олади. “Ўзбек форум” ташкилоти фермерлар, пилла етиштирувчи касаначилар ва ипак ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари билан 85 та суҳбат ўтказган. Шунингдек, соҳа фаолиятини тартибга солувчи расмий ҳужжатлар ҳамда пилла етиштирувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги юзлаб ёзувлари ўрганилган.

Пахта ва ғалла етиштирадиган фермерларнинг айтишича, маҳаллий мансабдор шахслар уларни ипакни қайта ишлаш корхоналари ҳисобланувчи кластерлар билан шартнома тузишга мажбурлаган. Пилла етиштиришдан бош тортган ёки давлат белгилаган миқдорни етказиб бермаган фермерларга тазйиқ ўтказилган, ер ижараси бекор қилиниши билан таҳдид қилинган, айрим ҳолларда эса зўравонлик ишлатилган. Белгиланган миқдорда пилла топширган фермерлар ҳам меҳнати учун умуман ҳақ олмагани ёки ҳақ шу қадар кам бўлгани боис пилла етиштириш уларга фойда келтирмаганини “Ўзбек форум”га айтган.

Пилла етиштирувчи касаначилар ҳам эксплуатация хавфига дуч келади. Улар экин экиш ёки чорва моллари боқиш учун ердан фойдаланиш имконини ипакчилик корхоналаридан олади. Бунинг шарти эса тут дарахтларини парваришлаш ва белгиланган миқдорда пилла етиштиришдир. Шартлар бажарилмаса, ер ижараси бекор қилиниши мумкин. Пилла етиштирувчиларнинг аксарияти харажатлар ва кўп меҳнат талаб қилиниши сабабли бу иш фойда келтирмаслигини, танлаш имкони бўлса, ундан воз кечишларини билдирган.

Фермерлар ҳам, пилла етиштирувчи касаначилар ҳам шартномалар кўпинча бўш бланкаларда тузилиши ва уларда маҳсулот нархи кўрсатилмаслигини айтган. Шунга қарамай, улар шартномаларни имзолашга мажбур бўлган. Шартномаларнинг нусхаларини мансабдорлар одатда Қишлоқ хўжалиги вазирлигида «рўйхатдан ўтказиш» учун олиб қолган.

2017 йилда ипакчилик соҳаси хусусийлаштирилган бўлса-да, давлат уни бошқаришда ҳамон муҳим ўрин тутади. Ҳукумат ипак кластерларини пилла билан таъминлаш учун мамлакат бўйича етиштирилиши лозим бўлган пилла миқдорини белгилайди. Шунингдек, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси белгилаган пилланинг харид нархларини тасдиқлайди. Марказ томонидан белгиланган режаларни бажариш маҳаллий мансабдорлар зиммасига юклатилган. Бу эса уларни режани бажариш учун одамларни мажбурий меҳнатга жалб этишга ундайди.

Ўзбекистон пилла етиштириш бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. 2025 йилда мамлакатдан асосан Вьетнам, Жанубий Корея, Хитой, Туркия ва Ҳиндистонга 87 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ўзбекистон ҳукумати ипакчиликни стратегик аҳамиятга эга соҳа деб белгилаган ва уни сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бироқ АҚШ ва Европа Иттифоқини ҳам қўшган ҳолда, тобора кўплаб мамлакатлар мажбурий меҳнатдан фойдаланиб ишлаб чиқарилган товарларни импорт қилишни тақиқловчи қонунларни жорий этмоқда. Шу шароитда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг сақланиб қолиши мамлакатнинг экспорт имкониятларига жиддий путур етказмоқда.

“Ўзбек форум” асосчиси ва директори Умида Ниязова шундай деди: «Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилда пахта теримчиларига нисбатан давлат томонидан қўлланилган мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича олган мажбуриятини муваффақиятли бажарди. Энди бу ислоҳотларни ипакчилик соҳасига ҳам татбиқ этиб, мажбурий режалар ва маъмурий назоратни бекор қилиш керак. Зеро, айнан шу механизмлар одамларни мажбурлаш тизимини юзага келтириб, хусусий ипакчилик корхоналарини арзон пилла билан мунтазам таъминлаб турибди».

«Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум» ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини қуйидаги чораларни кўришга чақиради:

  • Мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш ва фермерларга пилла етиштириш режаларини мажбуран юклашни бекор қилиш.
  • Фермерлар ва пилла етиштирувчи касаначиларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш.
  • Ипакчилик корхоналаридан пилла етиштирувчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишни ва меҳнатига яраша ҳақ тўланишини таъминлашни талаб қилиш.

Ҳисоботнинг инглиз тилидаги нусхасини бу ердан юклаб олинг. Унинг ўзбекча таржимаси яқин кунларда эълон қилинади.

Ҳисобот видеосини томоша қилинг!