АҚШ Давлат департаменти 2026 йилги одам савдоси бўйича ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда Ўзбекистон «2-даража» (Tier 2) тоифасига киритилган. Бу Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига барҳам бериш бўйича белгиланган минимал талабларни тўлиқ бажармаётганини, бироқ уларни таъминлаш учун сезиларли саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини англатади.
Ҳисоботда ҳукуматнинг одам савдосига, жумладан, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ва жабрланганларни ҳимоя қилиш борасидаги чоралари баҳоланган.
Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган расмий тўлиқ матни билан АҚШ Давлат департаментининг расмий сайтида танишиш мумкин. Қуйида унинг ўзбек тилига таржимасини ўқинг.
Ўзбекистон (2-даража)
Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига барҳам бериш бўйича белгиланган минимал талабларни тўлиқ бажармаяпти, аммо бу борада сезиларли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ҳисобот даврида ҳукуматнинг бу йўналишдаги ишлари олдинги даврга нисбатан жадаллашган. Шу сабабли Ўзбекистон 2-даражада қолдирилди. Ҳукумат одам савдосига қарши кураш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритди, жумладан, жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси учун судланган шахсларга озодликдан маҳрум қилиш ўрнига уй қамоғини қўллаш имкониятини бекор қилди ва болалар билан боғлиқ одам савдоси жиноятлари учун жазони кучайтирди. Шунингдек, одам савдоси билан шуғулланган кўпроқ шахслар судланди, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича миллий стандартлар қабул қилинди. Меҳнат инспекторларига олдиндан огоҳлантирмасдан текширув ўтказиш имконини берувчи янги йўриқномалар жорий этилди ва инспекторлар сони кўпайтирилди.
Бироқ ҳукумат бир қатор муҳим йўналишларда белгиланган энг кам талабларни бажара олмади. Марказий ҳукумат пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатни тақиқлаш чораларини кўришда давом этган бўлса-да, айрим маҳаллий мансабдор шахслар ишлаб чиқариш режаларини бажартириш учун одамларга босим ўтказгани ҳақида хабарлар мавжуд. Мажбурий меҳнатни биринчи марта содир этилганда маъмурий ҳуқуқбузарлик деб баҳолашни назарда тутувчи амалдаги қонунчилик одам савдосига қарши кураш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатишда давом этди. Айрим маҳаллий мансабдор шахсларнинг одам савдосига шериклиги ёки унга алоқадорлиги жиддий хавотир уйғотди. Бундай қилмишларга алоқадор мансабдор шахсларга амалда қўлланилган жазолар қонунда белгиланганидан енгил бўлди. Мажбурий меҳнатдан жабрланганларни аниқлаш ишлари ҳамон етарли даражада эмас.
Жиноий жавобгарликка тортиш
Ҳукумат одам савдосига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини кучайтирди.
Жиноят кодексининг 135-моддасида жинсий эксплуатация ва меҳнат эксплуатацияси мақсадида одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ушбу моддага кўра, катта ёшли шахс мажбурий меҳнатга жалб этилган ҳолатларда уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки уй қамоғи, катта ёшли шахс жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосидан жабрланган ҳолларда эса беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Агар жабрланувчи бола бўлса, одам савдосининг барча турлари учун ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бу жазолар етарлича қатъий бўлиб, жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси учун белгиланган жазолар бошқа оғир жиноятлар учун назарда тутилган жазоларга ҳам мутаносиб ҳисобланган. 2025 йил май ойида ҳукумат 135-моддага ўзгартишлар киритди. Натижада катта ёшли жабрланувчилар билан боғлиқ жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси учун судланган шахсларга уй қамоғи тайинлаш имконияти бекор қилинди. Болалар билан боғлиқ одам савдоси жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси саккиз йилдан ўн икки йилгача бўлган муддатдан ўн йилдан ўн беш йилгача оширилди. Катта ёшли жабрланувчилар билан боғлиқ жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси учун жазо уч йилдан беш йилгача бўлган муддатдан беш йилдан ўн йилгача оширилди. Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар учун ҳам жазо чоралари кучайтирилди. Бироқ 135-моддадаги ёндашув халқаро ҳуқуқда белгиланган одам савдоси таърифига тўлиқ мос келмайди. Хусусан, куч ишлатиш, фирибгарлик ёки мажбурлаш жиноятнинг зарурий белгилари сифатида эмас, балки жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида қаралади. Жиноят кодексининг 148-моддаси иккинчи қисмида «маъмурий мажбурий меҳнат» билан боғлиқ қилмишлар ҳам назарда тутилган. Катта ёшли шахсларга нисбатан бундай қилмишлар биринчи марта содир этилганда маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади, такроран содир этилганда эса жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин. Болаларга нисбатан содир этилган бундай қилмишларнинг барчаси жиноят ҳисобланади ва улар учун жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
2025 йилда ҳукумат одам савдоси билан боғлиқ 149 та тергов иши бошланганини маълум қилди. Уларнинг 143 таси жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси, олтитаси эса мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган. 2024 йилда бундай терговлар сони 151 тани ташкил этган. Ҳукумат жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси бўйича 14 та ва мажбурий меҳнат бўйича тўртта, жами 18 та тергов иши ҳали давом этаётганини билдирди. 2025 йилда 79 нафар гумонланувчига нисбатан жиноий таъқиб олиб борилган. Уларнинг 77 нафари жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси, икки нафари эса мажбурий меҳнат билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинган. 2024 йилда жиноий таъқибга учраган гумонланувчилар сони 85 нафар бўлган. Ҳукумат яна 49 та жиноий таъқиб иши давом этаётганини маълум қилди. 2025 йилда судлар одам савдоси билан шуғулланган 124 нафар шахсни айбдор деб топди. Уларнинг 119 нафари жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси, беш нафари эса меҳнат эксплуатацияси мақсадида одам савдоси учун судланган. 2024 йилда бу кўрсаткич 115 нафарни ташкил этган. Уларнинг 113 нафари жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси, икки нафари эса меҳнат эксплуатацияси мақсадида одам савдоси учун судланган. Ҳукумат судланган шахсларга қандай жазолар тайинлангани ҳақида маълумот бермади.
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тизимида одам савдосига қарши кураш билан махсус шуғулланувчи алоҳида бўлинма фаолият юритган. Меҳнат инспекцияси эса мажбурий меҳнат аломатларини аниқлашни ҳам қамраб олган текширувларни ўтказишга масъул бўлган. Ҳукумат ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги операцияларда бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилган. Маълум қилинишича, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар бўйича қидирувда бўлган Ўзбекистоннинг 23 нафар фуқароси мамлакатга қайтарилган. Уларнинг айримлари бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ўтказилган операциялар натижасида экстрадиция қилинган. Меҳнат эксплуатацияси мақсадида одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти бир қатор муаммолар туфайли чекланган. Улар қаторига маблағ ва бошқа ресурслар етишмаслиги, идоралараро ҳамкорлик ва ахборот алмашинувининг сустлиги, ходимларнинг тез-тез алмашиши ҳамда коррупция киради. Ўзбекистоннинг Меҳнат кодекси ва унга алоқадор қонунчилик ҳужжатларида мажбурий меҳнат одам савдосидан алоҳида ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланган. Бу эса жабрланганларни аниқлашни қийинлаштирган, айрим жабрланганларнинг ўзларига тегишли ёрдамдан фойдаланишига тўсқинлик қилган ва одам савдоси ҳолатларининг расмий ҳисоботларда тўлиқ акс этмаслигига олиб келган. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жабрланганларнинг оғзаки, ёзма ёки видеога қайд этилган кўрсатмаларини олишни талаб қилиши одам савдоси жиноятларини ҳар томонлама тергов қилиш имкониятларини чеклаган.
Меҳнат инспекцияси 20 650 та текширув ўтказди ва меҳнат қонунчилигининг турли бузилишлари учун 9 019 нафар мансабдор шахсга жами 24,2 миллиард сўм (1,98 миллион доллар) миқдорида маъмурий жарима солди. Бироқ мажбурий меҳнатга алоқадорлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони ҳақида маълумот берилмади. Пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдалангани учун хусусий сектордаги уч нафар фермер хўжалиги раҳбарига жами 12 миллион сўм (960 доллар) миқдорида маъмурий жарима солинди. Ҳукумат нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ИИВ ходимлари, судьялар, меҳнат инспекторлари ва бошқа мансабдор шахслар учун одам савдосига қарши кураш бўйича ўқув машғулотларини ташкил этди.
Жабрланганларни ҳимоя қилиш
Ҳукумат одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш чораларини давом эттирди.
2025 йилда одам савдосидан жабрланган 191 нафар шахс аниқланиб, уларга ёрдам кўрсатиш учун тегишли хизматларга йўналтирилди. Уларнинг 186 нафари жинсий эксплуатациядан жабрланган бўлиб, 179 нафари аёллар ва етти нафари қизлар эди. Қолган беш нафар жабрланувчининг барчаси мажбурий меҳнатга дучор бўлган эркаклар эди. 2024 йилда эса жами 186 нафар жабрланувчи аниқланган, уларнинг 175 нафари жинсий эксплуатациядан, 11 нафари мажбурий меҳнатдан жабрланган. Аниқланган барча жабрланувчилар Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бундан ташқари, хорижий давлатларда Ўзбекистоннинг 21 нафар фуқароси одам савдосидан жабрлангани аниқланган. Уларнинг 16 нафари Туркия, Россия ва Грузияда жинсий эксплуатацияга, беш нафари эса Россияда мажбурий меҳнатга дучор бўлган.
Ҳукуматда жабрланганларни аниқлаш ва уларни тегишли ёрдам хизматларига йўналтиришнинг расмий тартиб-таомиллари мавжуд. Ушбу тартиблар жабрланувчини дастлабки босқичда аниқлаш ва унга давлат ёрдами кўрсатилишини маъқуллаш ваколатига эга вазирликларни белгилайди. Шундан сўнг жабрланувчининг мақомини узил-кесил тасдиқлаш учун иш маҳаллий одам савдосига қарши кураш комиссияларига юборилади. Бироқ жабрланганларни тегишли хизматларга йўналтириш жараёнида асосий вазирликларнинг вазифалари ва масъулияти аниқ белгилаб берилмаган. Ҳукумат жабрланганларни аниқлаш ва ёрдамга йўналтиришнинг миллий тартибларини соддалаштириш ҳамда такомиллаштиришга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Унда нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам жабрланганларни дастлабки босқичда аниқлаш ваколатини бериш назарда тутилган. Ҳисобот даврида мазкур лойиҳа парламентда кўриб чиқилаётган эди. Одам савдоси жабрланувчиларини аниқлаш ваколатига эга мансабдор шахслар уларни давлат бошпанасига ёки нодавлат ташкилотларга ёрдам олиш учун йўналтириши мумкин. Ҳукуматнинг маълум қилишича, жабрланганлар расмий мақом олгунига қадар ҳам давлат ҳисобидан молиялаштириладиган хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бироқ бунинг учун ҳудудий комиссиялар ёки бошқа ваколатли вазирликлар уларга дастлабки босқичда жабрланувчи мақомини бериши керак.
Ҳукумат жабрланганларга бошпана, тиббий ёрдам, психологик маслаҳат, ҳуқуқий хизматлар ва ватанга қайтишда кўмакни бевосита, шунингдек, фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорликда кўрсатди. Жами 191 нафар жабрланувчига ёрдам берилди. Жабрланганларга хизмат кўрсатиш учун давлат бошпанасига 2,5 миллиард сўм (204 761 доллар) ажратилди. Бу олдинги ҳисобот даврида ажратилган қарийб уч миллиард сўмдан (228 193 доллар) камдир. Шунингдек, ҳукумат зўравонликдан жабрланган аёлларга, жумладан, одам савдосидан жабрланган бўлиши мумкин бўлган шахсларга ёрдам кўрсатувчи 15 та марказни ишлатди. Болалардан иборат жабрланувчилар ихтисослаштирилган марказларга жойлаштирилди. Жабрланганларга, жумладан, психологик маслаҳат ва таълим хизматларини кўрсатиш учун бешта нодавлат нотижорат ташкилотига 1,5 миллиард сўм (122 201 доллар) ажратилди. Ҳукумат хорижда одам савдоси қурбонига айланган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам бериш учун махсус фонд фаолиятини ҳам давом эттирди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишдаги кечикишлар фуқаролик жамиятининг жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва одам савдоси ҳолатларини кузатиб бориш борасидаги ишларига тўсқинлик қилди. Ҳукумат жабрланганларга хизмат кўрсатиш бўйича миллий стандартни қабул қилди. Унда жабрланганларга, жумладан, болаларга кўрсатиладиган хизматларнинг турлари, давомийлиги ва сифатига доир талаблар белгиланди.
Ҳукумат одам савдосидан жабрланган хорижий фуқароларни таъқиб ёки оғир шароитларга дуч келиши мумкин бўлган мамлакатларга қайтариш ўрнига, улар учун қонуний муқобил чораларни қўллашни назарда тутувчи расмий тартибларга эга. Бундай чоралар қаторига депортацияни вақтинча тўхтатиб туриш ҳам киради. Ҳукумат жабрланганларнинг жиноий суд ишларида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга гувоҳ сифатида ёрдам кўрсатди. 2025 йилда судлар тўрт нафар жабрланувчи фойдасига жами 50,1 миллион сўм (4 103 доллар) миқдорида товон пули ундириш ҳақида қарор чиқарди. Ҳукумат одам савдосидан жабрланганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатди ва бу ёрдам харажатларини қоплади. Шунингдек, жабрланганлар дастлабки судга қадар бўлган жараёнларда шахсан иштирок этиши шарт эмаслиги, ўз кўрсатмаларини аудио ёки видео орқали тақдим этиши мумкинлиги қайд этилди. Бироқ заиф ҳолатдаги аҳоли гуруҳлари орасида жабрланганларни аниқлаш ва текшириш ишлари изчил олиб борилмагани сабабли, одам савдоси қурбонлари эксплуатация натижасида содир этишга мажбур бўлган қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари учун асоссиз жазоланишининг олдини олишга эришилмади.
Олдини олиш чоралари
Ҳукумат одам савдосининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирди.
Ҳукумат Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия фаолиятини давом эттирди. Комиссиянинг Муносиб меҳнат масалалари бўйича кичик комиссияси мамлакат ичидаги мажбурий меҳнат ҳолатларига қарши курашишга масъул бўлди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича кичик комиссия эса одам савдосининг бошқа турларига, жумладан, хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари мажбурий меҳнатга жалб этилган ҳолатларга қарши чораларни мувофиқлаштирди. Миллий комиссия 12 та вилоят, битта автоном республика ва мустақил шаҳар ҳисобланган Тошкентдаги ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштирди. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Ҳукумат нодавлат нотижорат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказди. Ички ишлар вазирлиги одам савдосидан жабрланган бўлиши мумкин бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш учун ишонч телефонини юритди. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги меҳнатга оид шикоятларни, жумладан, мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича мурожаатларни қабул қилувчи ишонч телефонини ҳам ишлатди. 2025 йилда ушбу телефонга мажбурий меҳнат бўйича 57 та шикоят келиб тушди. Ваколатли органлар меҳнат қонунчилигининг 38 та бузилишини, жумладан, пахта йиғим-терими билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади. Натижада жами 983 миллион сўм (80 561 доллар) миқдорида 35 та маъмурий жарима қўлланилди ва учта иш судга оширилди. Ҳукумат хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий маслаҳат бериш ва зарурат туғилганда энг яқин консуллик муассасасига мурожаат қилишга йўналтириш учун 24 соат ишлайдиган ишонч телефонини ҳам ташкил этган. Бироқ ҳукумат тижорат мақсадида жинсий хизматлардан фойдаланишга бўлган талабни камайтиришга қаратилган чораларни кўрмади.
Ҳукумат «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга (ЎРҚ-501-сон) ўзгартишлар киритди ва бандлик агентликлари учун лицензия олиш талабларини кучайтирди. Одам савдоси учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки тугалланмаган шахсларга бундай агентликларни ташкил этиш ёки бошқариш тақиқланди. Шунингдек, одам савдоси жабрланувчиларини аниқлаш ва уларни тегишли хизматларга йўналтириш бўйича янги талаблар жорий этилди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ишга жойлаштириш воситачилари меҳнат мигрантларидан ишга жойлаштириш учун ҳақ ундириши мумкин эмас. Бироқ меҳнат инспекторларига мажбурий меҳнатга қарши қонунчилик биринчи марта бузилган ҳолатларда жиноий айблов қўйиш ваколати берилмаган. Шунингдек, улар жабрланганларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмасдан туриб, бевосита ёрдам хизматларига йўналтира олмаган. Ҳисобот даврида Меҳнат инспекциясига 27 714 та меҳнатга оид шикоят келиб тушди. Бу олдинги ҳисобот давридаги 22 985 та шикоятдан кўпдир. Ҳукумат мажбурий меҳнатга шубҳа туғилган ҳолатларда Давлат меҳнат инспекциясига олдиндан хабар бермасдан текширув ўтказиш имконини берувчи янги йўриқномаларни жорий этди. Меҳнат инспекторлари сони кўпайтирилди ва қишлоқ хўжалиги соҳасини текшириш учун махсус лавозимлар ташкил этилди.
Миграция агентлиги ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, Ўзбекистондан ташқарида ишлаш имкониятига эга бўлган меҳнаткашларни тайёрлаш ҳамда хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун масъул ҳисобланади. Ҳукумат Қувайт, Франция, Швеция, Италия ва Сербия билан янги меҳнат битимларини имзолади. Меҳнат миграцияси дастурлари доирасида одам савдосининг олдини олиш учун бир қатор механизмлар жорий этилди. Улар қаторига ишга жойлаштириш воситачиларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш, иш берувчилар ҳамда меҳнат шартномалари шартларини текшириш, мигрантларни жўнаб кетишдан олдин ўқитиш ва зарур маълумотлар билан таъминлаш, шунингдек, меҳнат стандартларига риоя этилишини идоралараро назорат қилиш киради. Миграция агентлиги ва консуллик ходимлари тўртта мамлакатда меҳнат мигрантларининг шароитларини ўрганиш ва текшириш ишларини олиб борди. Бунда Ўзбекистон фуқароларининг иш ва яшаш шароитлари, шунингдек, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши текширилди.
Марказий ҳукумат пахта йиғим-терими устидан муайян назоратни сақлаб қолди ва ҳисобот даврида мажбурий меҳнат тақиқлангани ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказди. Меҳнат қонунчилиги бузилган ҳолда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишнинг айрим ҳолатлари ҳукумат вакиллари томонидан аниқланди. Пахта теримчилари кўпинча меҳнат шартномасига эга бўлмаган ёки шартнома тузилганидан бехабар бўлган. Ҳукумат пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида мустақил мониторинг ўтказишга рухсат беришда давом этди. Мониторинг гуруҳларига пахта далаларига тўсиқсиз кириш, вазиятни кузатиш ва теримчилар билан суҳбатлашиш имконияти берилди. Фуқаролик жамияти гуруҳларига расмий мониторинг рухсатномаларини бериш ҳам давом эттирилди. Марказий ҳукумат ипак қурти пилласи етиштириш бўйича ишлаб чиқариш режаларини белгилашда давом этди. Ҳукумат ипакчилик соҳасида мониторинг ўтказишга доир чоралар ҳақида маълумот бермади. Бироқ пилла етиштириш одатда хонадонларда, оила аъзолари иштирокида амалга оширилиши ва бу жараёнга болалар ҳам жалб этилиши ҳақида хабарлар мавжуд.
Одам савдосининг кўлами ва хусусиятлари
Ушбу бўлимда одам савдосининг хусусиятлари ва кўлами ҳукумат ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотларининг сўнгги ҳисоботлари асосида ёритилади.
Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланувчилар мамлакат ичидаги фуқаролар ва хорижий фуқароларни эксплуатация қилади. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари хорижда ҳам одам савдоси қурбонига айланмоқда. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримида йиллар давомида мавжуд бўлган тизимли мажбурий меҳнатга муваффақиятли барҳам берганини эътироф этади. Бироқ айрим маҳаллий мансабдор шахслар фермерларга ипак қурти тарқатиб, ишлаб чиқариш квоталарини бажариш мақсадида пилла етиштиришга рози эканликлари ҳақидаги шартномаларни имзолашга мажбурлаётгани ҳақида хабарлар мавжуд. Болалар гиёҳвандлик моддалари савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этишга мажбурланиб, жиноий эксплуатация қурбонига айланган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Ўзбекистонда қисқа муддатли визалар асосида бўлиб турган афғонистонликлар давлат хизматларидан фойдаланиш ва ишга жойлашиш имкониятлари чеклангани сабабли одам савдоси хавфига кўпроқ дуч келади. Олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари ҳам мавжуд бўлиб, айрим ҳудудларда бундай ишларга одамлар мажбурий меҳнат асосида жалб этилган. Одам савдоси билан шуғулланувчилар жабрланувчиларни алдаш ва мажбурлаш орқали ёллаш учун ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва интернетдаги иш эълонлари платформаларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Бундай ҳолатлар қаторига жинсий характердаги материалларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, жабрланувчидан пул ёки бошқа манфаат талаб қилиш, яъни сексуал шантаж ҳам киради.

