Ўзбекистонда адвокатларга нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан зўравонлик қўллангани, таҳдид қилингани ва уларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилингани ҳақидаги сўнгги хабарлар жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу ҳолатлар нафақат адвокатларнинг хавфсизлиги ва мустақиллиги, балки улар ҳимоя қилаётган шахсларнинг самарали ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланиш имконияти ҳақида ҳам саволлар туғдирмоқда.

Назиржон Абдуҳафизов: адвокат ИИБда калтакланганини айтмоқда

Шифохонадан туриб видеомурожаат қилган Тошкентлик адвокат Назиржон Абдуҳафизов 2026 йил 27 август куни Яшнобод тумани ИИБ биносида калтакланганини билдирди. Унинг айтишича, ўша куни у икки нафар мижозини Аслиддин исмли терговчи ҳузурига олиб борган. Улар фирибгарлик ҳолати бўйича аввалроқ мурожаат қилиб, ишга оид қўшимча ҳужжат ва далилларни тақдим этиш мақсадида келган. Абдуҳафизовнинг сўзларига кўра, мижозлари терговчининг холислигига ишонч билдирмаган. Улар ўз мурожаатларини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлишига қарамай, терговчи ишга бир томонлама ёндашмоқда, деб ҳисоблаган.

Ўша куни ишнинг кўриб чиқилиши билан боғлиқ тортишув авж олган. Абдуҳафизов ўз хавфсизлигидан хавотирланиб, унга таҳдид қилингани ҳақида хабар бериш ва терговчининг хатти-ҳаракатларидан шикоят қилиш учун ички ишлар органларининг тезкор рақамига қўнғироқ қилган.

Абдуҳафизовнинг айтишича, у ўзини тобора хавф остида ҳис қилгани учун ҳовлига чиққан. Шу пайт яқинда турган Фарҳод исмли ички ишлар ходими унга яқинлашиб, бўғишга уринган. Адвокатнинг сўзларига кўра, шундан сўнг яна етти-саккиз нафар ходим келиб, уни уриб-тепа бошлаган.

Абдуҳафизовга кўра, ходимлар унинг пешонасига “дубинка” билан уриши ортидан зарба оқибатида кўзи хиралашиб, бир муддат ҳушини йўқотган. Кейин яна уни калтаклашгани ва орқасидан тепишгани сабабли йиқилган. У машинаси томон бормоқчи бўлганида, бир неча ходим уни куч билан ИИБ биносига қайтариб олиб кирган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирган.

Унинг айтишича, ходимлар унга агар жим ўтирмаса, чўнтагидан гиёҳванд модда «топиб олишлари» мумкинлигини айтган. Сўнгра уни озод қилишлари учун ходимларнинг хатти-ҳаракатларидан шикояти йўқлиги ҳақида тилхат ёзишни талаб қилишган. Абдуҳафизов тиббий ёрдам сўрагач, тез ёрдам чақиришга рози бўлишган, аммо унга тиббиёт ходимларига қон босими юқори бўлганини айтиш, муомаладан шикоят қилмаслик ва «кулиб қўйиш»ни буюришган. «Зарбалар оқибатидаги оғриқ ва азоблар туфайли рози бўлишга ва тилхат ёзишга мажбур бўлдим», дейди у.

Ўша куни озод қилинганидан сўнг Абдуҳафизов ишхонаси томон йўл олган, аммо йўлда ҳушидан кетган. «16-сонли шаҳар шифохонасида кўзимни очдим», деди у. «Қанча вақт ҳушсиз ётганимни билмайман». Тиббий кўрик натижасига кўра, унинг боши, елкаси, тирсаги, тиззалари, орқаси ва буйрак соҳасида жароҳатлар аниқланган.

Адвокатнинг мурожаатидан сўнг Адвокатлар палатаси баёнот берди. Унда палата Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилгани маълум қилинган. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг ички хавфсизлик бўлинмаси адвокатга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ва уни ушлаб турилгани ҳақидаги даъволар юзасидан хизмат текширувини бошлаган. Текширув натижалари маълум қилиниши айтилган.

Қашқадарё: адвокат мижози билан учрашишга уринганида зўравонликка дуч келганини айтмоқда

2026 йил 10 июнь куни адвокат Лазизжон Шарипов товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олинган мижози, ҳуқуқ ҳимоячиси Жавоҳир Мўминов билан учрашиш учун Қарши шаҳар ички ишлар бўлимига борган.

Шу куни Қарши шаҳар прокурорига берган шикоятида Шарипов мижози Мўминов сақланаётган вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи Нодир Элматов ундан мобил телефонини ўз хонасида қолдиришни талаб қилганини билдирди. Шариповнинг айтишича, шундан сўнг Элматов унинг билагидан куч билан ушлаб, видеокузатув камералари бўлмаган жойга олиб боришга уринган. Ҳодиса оқибатида адвокатнинг билагида катта кўкариш пайдо бўлган.

Шарипов ёзма шикоятида адвокатлик фаолиятига аралашилгани ва унга нисбатан жисмоний куч ишлатилганини кўрсатиб, ҳолатни текширишни сўраган.

Бироқ 12 июнь куни Қарши шаҳар прокуратураси терговчиси вилоят Адвокатлар палатасига хат юбориб, Шариповнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказишни сўраган. Хатда Элматовнинг Шарипов мижози билан учрашишдан олдин телефонни топшириш ҳақидаги «қонуний талаби»га бўйсунмай, жанжал кўтаргани ҳақидаги даъвоси келтирилган. Элматов Шариповни касб одоби қоидаларини бузганликда айблаган ва унга нисбатан жисмоний куч ишлатганини рад этган.

Адвокатнинг шикоятида келтирилган даъволарга мазмунан жавоб бериш ўрнига, прокуратура терговчиси Шариповнинг шикоятини Адвокатлар палатасига йўналтириб, ўтказиладиган текширув натижалари ҳақида маълумот беришни сўраган.

Аввалроқ “Ўзбек форум” ташкилоти Шариповнинг мижози, ҳуқуқ ҳимоячиси Жавоҳир Мўминов 2026 йил 5 июнь куни ҳибсга олинганидан сўнг қийноққа солингани ҳақида шикоят қилгани тўғрисида хабар берган эди. Мўминовнинг айтишича, Қарши шаҳар ички ишлар ходимлари уни урган, бошига пакет кийдириб, нафас олиш қийинлашаётганини айтганига қарамай, оғзини скотч билан ёпиб қўйган. Аҳволи ёмонлашгани сабабли тез ёрдам бир неча бор чақирилган. Суд-тиббий экспертизаси унинг танасида ИИБ ҳибсида бўлган даврга мос келадиган бир нечта кўкариш ва тирналишларни қайд этган.

Бу ҳолатлар адвокатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан учрашув ва мулоқотларини қайд этиб бориш имконияти қанчалик муҳим эканини ҳам кўрсатади. Адвокатларнинг ўзи таҳдид ёки жисмоний зўравонликка дуч келган ҳолатларда телефон орқали ёзиб олинган аудио ва видеолар муҳим далил бўлиши мумкин. Бухоролик адвокат Завқиддин Амонов билан боғлиқ яна бир ҳолат ҳам бу муаммонинг муҳим жиҳатини кўрсатади.

Бухоро: адвокат мижози билан учрашганидан сўнг бинодан чиқишига йўл қўйилмаганини айтмоқда

2026 йил 5 июнь куни эълон қилинган видеомурожаатида адвокат Завқиддин Амонов бир кун аввал мижози Жаҳонгир Гафаров билан учрашганини билдирган. Соғлиқни сақлаш тизимида юқори лавозимда ишлаган Гафаров пора олишда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва Бухородаги 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди.

Амоновнинг айтишича, Гафаров адвокат билан учрашишидан бир кун олдин бир неча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан 30-40 дақиқа давомида калтакланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ходимлар ундан Бухоро вилоятидаги бир нечта юқори мансабдорларга қарши кўрсатма беришни талаб қилган.

Амонов мижозининг танасидаги кўриниб турган жароҳатларни телефонга тасвирга олганини билдирди. У ўз видеомурожаатида прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Омбудсманни зудлик билан суд-тиббий экспертизаси ўтказилишини таъминлашга чақирган.

Адвокатнинг ўзи ҳам Бухородаги 4-сонли тергов ҳибсхонасидан чиқишига йўл қўйилмаганини айтди. Мижози билан учрашувдан сўнг унга муассаса бошлиғининг биринчи ўринбосари у билан гаплашмоқчи экани айтилган. Бироқ Амонов бинодан чиқмоқчи бўлганида, темир дарвоза қулфлаб қўйилганини кўрган. Қўриқлаш постида турган ходим эса бошлиқ ўринбосари уни чиқармаслик ҳақида кўрсатма берганини айтган.

Амонов бу ҳолат акс этган қисқа видеони ҳам эълон қилган. Видеода у қулфланган дарвоза ортида тургани, қўриқчи эса раҳбари уни чиқармасликни буюрганини тушунтираётгани акс этган. Кейинроқ бошлиқ ўринбосари ҳам кадрда пайдо бўлиб, Амонов воқеани телефонига тасвирга олаётганини кўргач, дарвозани очишни буюради.

Адвокатнинг даъволарига жавобан Омбудсман Бухоро вилоятидаги 4-сонли тергов ҳибсхонасида қийноқ қўлланилгани ва мажбуран кўрсатма олингани ҳақидаги хабарларни ўрганганини маълум қилди. Баёнотга кўра, Омбудсманнинг вилоятдаги вакили муассасага бориб, ҳибсда сақланаётган шахс билан суҳбатлашган. Айрим ходимларга нисбатан дастлабки текширув бошланган ва суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Омбудсман иш жараёнини назорат қилишни давом эттиришини билдирган.

Мақола тайёрланаётган пайтда Гафаровга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақидаги даъволар бўйича текширув натижалари ёки Амоновнинг тергов ҳибсхонасидан чиқишига тўсқинлик қилингани юзасидан бирор тергов натижаси ҳақида очиқ маълумот эълон қилинмаган.

Қашқадарё: адвокат ИИБ биносида ушлаб турилгани айтилмоқда

Шунга ўхшаш ҳолат 2026 йил 24 август куни Қарши шаҳридаги Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси биносида ҳам содир бўлгани хабар қилинди. Маҳаллий телеграм канали эълон қилган видеода исми ошкор қилинмаган адвокат металл турникет ортида туриб, ички ишлар ходимидан уни чиқариб юборишни сўраётгани кўринади. Адвокат ходимнинг уни ушлаб туришга қонуний асоси йўқлигини айтса ҳам, ходим турникетни очишдан бош тортади ва ундан воқеани тасвирга олишни тўхтатишни сўрайди.

Видео билан бирга берилган маълумотларга кўра, адвокат мижози ишини олиб бораётган терговчини ишдан четлатишни сўраб ариза берган ва бунга сабаб сифатида терговчига ишонмаслигини билдирган. Шундан сўнг қўриқчиларга адвокатни бинодан чиқармаслик ҳақида кўрсатма берилгани айтилмоқда. Адвокат тахминан 30 дақиқа давомида бино ичида ушлаб турилгани хабар қилинган.

Ҳолат юзасидан тошкентлик адвокат Абдумалик Абдуллаев «Адвокатни ИИБ биносидан чиқармасликка ким ва қайси қонун асосида ҳақли?», деган саволни ўртага қўйди. У воқеани холис текшириш, жумладан, видеокузатув камералари ёзувларини ўрганиш ва бундай кўрсатмани ким берганини аниқлашга чақирди. Абдуллаевнинг таъкидлашича, 2025 йил 21 апрелда адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган Президент фармони қабул қилинганига қарамай, бундай ҳолат адвокатнинг шахсий эркинлиги ва касбий фаолиятига аралашиш билан боғлиқ жиддий хавотирларни келтириб чиқаради. Унинг фикрича, адвокатнинг ишлашига тўсқинлик қилиш, айни пайтда, фуқаронинг ҳимоя ҳуқуқига ҳам путур етказади.

Қонун кафолатлари амалиётда адвокатларни тўлиқ ҳимоя қила олмаяпти

Ўзбекистонда адвокатларни ҳимоя қилиш Конституция, «Адвокатура тўғрисида»ги қонун ҳамда адвокатларнинг касбий фаолияти кафолатлари ва ижтимоий ҳимоясига оид қонун ҳужжатлари билан таъминланган. Уларда адвокатнинг касбий фаолиятига аралашиш, унга босим ўтказиш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишига тўсқинлик қилиш тақиқланган, шунингдек, адвокатнинг мижози билан махфий мулоқот қилиши кафолатланган.

2025 йил 21 апрелдаги Президент фармони билан Адлия вазирлигига Адвокатлар палатаси билан биргаликда адвокатларнинг сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳасини уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.

2025 йил май ойида Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси бундай тўсқинликларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилгани хабар қилинган эди. Бироқ мақола тайёрланаётган пайтда ушбу қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилгани ҳақидаги очиқ расмий маълумот топилмади.

Қонунлардаги кафолатларга қарамай, Ўзбекистонда адвокатлар амалиётда ҳамон етарлича ҳимояланмаган. Адвокатлар ўз мижозларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилар экан, ўзлари ҳам босим ва зўравонликдан ҳимояга муҳтож. Аммо таҳдид ва босимларнинг ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан келаётган бўлса, адвокатларни ким ҳимоя қилади?

Мустақил текширув ва жавобгарлик таъминланмас экан, қонун устуворлиги ҳақидаги давлат мажбуриятлари ишончлилигини йўқотади, адвокатлар ҳам, улар ҳимоя қилаётган инсонлар ҳам мансаб ваколатларининг суиистеъмол қилиниши ва ўзбошимчаликдан ҳимоясиз қолаверади.