2026 йил 25 октябрда Effect.uz нашри Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида фермерлар билан ўтказилган йиғилишда ёзиб олингани айтилаётган аудиоёзувни эълон қилди. Ёзувдаги овоз туман ҳокими Акбарали Ишмурзоевга тегишли экани айтилмоқда. Аудиода фермерларга нисбатан ҳақоратомуз ва камситувчи иборалар ишлатилгани эшитилади.
Маълум қилинишича, воқеалар 2026 йил октябрь ойида Шўрчи туманидаги ўғит ишлаб чиқарувчи корхона ҳудудида ва туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишларда содир бўлган.
Биринчи аудиоёзувда ҳоким деб таништирилган шахс фермердан: «Пахта қани?» деб сўрайди. Фермер пахтани эртаси куни топширишини, ўша куни теримчилар келмаганини, аммо уларни эртанги кунга келишиб қўйганини айтади. Шундан сўнг ҳоким бақириб: «Давлат билан тузган ер ижара шартномангни ўқиб кўрганмисан? Ер кодексини биласанми? Унинг қайси моддалари сенга, фермерга тегишли?» деб сўрайди.
Сўнг ҳокимнинг қуйидаги сўзлари эшитилади: «Сен муттаҳам фақат кредит тўғирлашни биласан, давлатни ерида бошқа нарса экишни биласан, арпани халталаб сотишни биласан! Лекин ер кодексини билмайсан. Энди мен сенга уни билдираман, муттаҳам!»
Иккинчи аудиоёзувда Ишмурзоевнинг бақираётгани, столга ураётгани ва фермерларга нисбатан қайта-қайта сўкинаётгани эшитилади. У фермерлардан қишлоқ хўжалиги техникасини ишга тайёрлашни, каналларни бетонлашни ва суғориш ариқларини тозалашни талаб қилади. Шунингдек, далалар четларига тут кўчатлари экилмагани учун фермерларни койийди. Йиғилишдаги бир шахсга мурожаат қилиб, айрим фермерларнинг ўз далаларига киришига йўл қўймасликни талаб қилади.
Аудиоёзувлар эълон қилинганидан сўнг Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расмий баёнот берди:
«Тегишли ваколатли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолатнинг барча жиҳатлари ҳар томонлама, холис ва тўлиқ ўрганилади ҳамда унга ҳуқуқий баҳо берилади. Ўрганиш натижаларига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда қарор қабул қилинади».
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов давлат хизматчилари қонун устуворлигига қатъий риоя қилиши, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳамда касбий этика қоидаларига амал қилиши шартлигини таъкидлади.
Фермерлар кенгаши ҳам баёнот бериб, Шўрчи тумани ҳокимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб прокуратурага мурожаат қилганини маълум қилди. Кенгаш инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканини таъкидлаб, Конституциянинг 26-моддасига таянди. Ушбу моддага кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш учун ҳеч нарса асос бўла олмайди. Кенгаш, шунингдек, ҳақорат учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасини келтирди. Баёнотда бундай хатти-ҳаракатлар тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувни англатиши ва мамлакатнинг халқаро обрўсига путур етказиши мумкинлиги қайд этилди.
Узр бор, жазо йўқ
Ўзбекистонда турли даражадаги мансабдор шахсларнинг ишчилар ва фермерларни ҳақорат қилиши, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишига оид ҳолатлар интернетда эълон қилинган аудиоёзувлар орқали мунтазам равишда жамоатчиликка маълум бўлиб келмоқда. Эҳтимол, бундай ёзувлар аслида содир бўлаётган ҳолатларнинг жуда оз қисминигина акс эттиради. Бундай йиғилишларда қатнашган фермерларнинг айтишича, кўпинча иштирокчилардан йиғилишга киришдан олдин мобил телефонларини топшириш талаб қилинади, ИИБ ходимлари эса ҳеч кимда йиғилиш жараёнини ёзиб олиш имконини берадиган қурилма қолмаганини текширади. Бундай ҳолатлар ошкор бўлганида, одатда, мансабдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўриш билан чекланилади. “Ўзбек форум” ташкилоти бундай хатти-ҳаракатлари учун лавозимидан озод этилган ёки ҳатто жаримага тортилган бирорта ҳам ҳоким ҳақида маълумотга эга эмас.
Мулк низосидан кейинги ҳужум
Сурхондарёдаги сўнгги воқеа Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраевга нисбатан ҳужум содир этилгани ҳақидаги хабарлар фонида юз берди. Айтилишича, ҳужум ҳокимнинг тадбиркорлик объектини ноқонуний равишда буздирганига жавобан содир этилган. “Озодлик” нашри манбаларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари маҳаллий журналистлар ва блогерларга воқеани ёритмасликни буюрган. “Озодлик” давлат идоралари вакилларидан изоҳ олиш учун қилган кўплаб мурожаатларига ҳам жавоб ололмаганини маълум қилди. Шунга қарамай, ҳужум ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
“Озодлик” нашрининг хабар беришича, 2026 йил 14 октябрь куни маҳаллий тадбиркор ўткир буюм билан ҳужум қилганидан сўнг Жўраевнинг боши, юзи, елкаси ва қўли жиддий жароҳатланган. Туман шифохонасида жарроҳлик амалиёти ўтказилгандан кейин у вертолётда Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. 18 октябрь куни эса даволаниш учун Германияга жўнатилгани хабар қилинган.
Иш тафсилотларидан хабардор адвокатнинг айтишича, гумонланувчи Б. Й. исмли 62 ёшли тадбиркордир. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш, шунингдек, қасддан баданга оғир шикаст етказишга оид 25 ва 104-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. “Озодлик” нашри бу маълумотни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан расман тасдиқлатишга муваффақ бўлмаган.
“Озодлик” суҳбатлашган манбалар можарони тадбиркорнинг озиқ-овқат дўконини бузиш талаби билан боғлаган. Уларнинг айтишича, дўкон қонуний асосда қурилган ва яқинда таъмирланган бўлса-да, «Янги Ўзбекистон қиёфаси» дастури доирасида бузилиши режалаштирилган.
Манбалардан бири ҳоким тадбиркорга дўкон учун бошқа жой таклиф қилгани, бироқ тадбиркор кўчишдан бош тортганини айтган. Манбаларга кўра, низо судгача етиб борган ва дастлабки қарор тадбиркор фойдасига чиқарилган. Аммо туман ҳокимлиги апелляция шикояти берганидан сўнг кейинги суд қарори билан аввалги ҳукм бекор қилинган.
“Озодлик” хабарни эълон қилган пайтда туман, вилоят ва республика даражасидаги давлат идоралари ҳужумнинг келиб чиқиш ҳолатлари юзасидан жамоатчиликка ҳеч қандай изоҳ бермаган. Журналистларнинг қайта-қайта қилган сўровлари ҳам жавобсиз қолган.
Такрорий қоидабузар
“Озодлик” нашрининг хабар беришича, фермерлар аввал ҳам Жўраевнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилган. Мурожаатларда фермерлар у Чироқчи тумани ҳокими бўлиб ишлаган даврида қонуний асосларсиз уларнинг ерларини тортиб олганини билдирган. Уларнинг айтишича, Олий суд ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топганидан кейин ҳам ерлар қайтариб берилмаган.
Мансабдор шахсларнинг фермерларни ҳақорат қилиши, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиши, айрим ҳолларда эса жисмоний зўравонлик ишлатиши билан боғлиқ такрорий воқеалар давлатнинг бундай ҳолатларга муносабати, қонуннинг танлаб қўлланилиши ва фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари ҳақида саволлар туғдиради. Давлат хизматчиларининг бундай хатти-ҳаракатлари қўл остидагиларга нисбатан сўкиниш ва ҳақорат ишлатганлик учун қатъий ва қилмишга мутаносиб жазо чораларини белгилаш, шунингдек, текширувлар расмий баёнотлар билан чекланиб қолмасдан, айбдорларнинг жавобгарликка тортилиши билан якунланишини таъминлаш зарурлигини кўрсатади. Қашқадарёда ҳокимга нисбатан содир этилган сўнгги ҳужум фермерлар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, низолар зўравонликка айланиб кетишидан олдин уларнинг қонун доирасида ҳал этилишини таъминлаш муҳимлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

