Ўзбекистоннинг асосан шоличиликка ихтисослашган Хоразм воҳасида фермерлар сув танқислиги йилдан-йилга кучайиб бораётганини тобора кўпроқ ҳис қилмоқда. Иқлим ўзгариши, совет давридан қолган муаммолар ва Толибон ҳокимиятга қайтганидан сўнг Афғонистоннинг Амударё сувларини ўз томонига буриши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу муаммо охир-оқибат бутун Марказий Осиё учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Эрталабки соат еттиданоқ, Шавкат Султоновнинг шоли далаларида иш қизғин тус олади. Ишчилар қўлда ўғит сочиб, далада меҳнат қилади. Бир неча соатдан кейин эса далада ҳеч ким қолмайди. Июль ва август ойларида Марказий Осиёда қарийб қирқ кун давом этадиган ўта иссиқ давр, чилла бошланади. Бу жазирама Хоразмда айниқса қаттиқ сезилади. Ўзбекистоннинг ғарбида жойлашган бу ҳудудда ҳаво ҳарорати ҳар куни 40 даражадан ошиб кетади. 150 минг аҳоли яшайдиган вилоят маркази Урганч кўчаларида эса бошига соябон тутган саноқли одамларгина кўринади.

Урганчдан қарийб 20 километр узоқда эса жазирама иссиқ Ш. Султонов учун оддий кундалик ноқулайликдан анча катта муаммога айланган. Узоқ йиллардан бери давом этаётган сув танқислиги билан бирга, жазирама энди унинг қарийб 100 гектарлик хўжалигига, шунингдек, Ўзбекистонда етиштириладиган шолининг қарийб 40 фоизини берадиган Хоразмдаги шоли далаларига ҳам жиддий хавф солмоқда. «Бир неча йил олдин йилига 900 центнер шоли олардим. Бу йил эса 700 центнерга тушиб кетди», дейди 47 ёшли фермер шоли даласи четида туриб, пешонасидан тер юмалар экан.

Баҳорги суғориш мавсуми тугагач, қуёш тафти остидаги шоли далалари кўзни қамаштирувчи яшил манзарага айланади. Бу манзара шу қадар гўзал ва ғайриоддийки, ҳудудда сув танқислиги борлигига ишониш қийин. Ҳолбуки, вазият яқин йилларда янада оғирлашиши мумкин.

Туркманистондаги Қорақум ва Ўзбекистондаги Қизилқум чўллари оралиғида жойлашган Хоразм воҳаси яшил бир оролдек кўринади. Унинг серҳосил замини Амударёнинг лойқа сувлари билан боғлиқ. Марказий Осиёдаги энг йирик дарё бўлган Амударё Тожикистон музликларидан бошланиб, Афғонистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудларидан оқиб ўтади. Бироқ иқлим ўзгариши, қурғоқчиликнинг кучайиши ва сув манбаларига инсон таъсирининг ортиши туфайли дарё оқими 2030 йилга бориб 10 фоизга камайиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги маълум қилган.

Бу ўзгаришлар аллақачон сезилмоқда. Мамлакатлар ўртасида сув оқими бўйича ягона маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги ва мавсумий ўзгаришларнинг кескинлиги сабабли унинг аниқ кўламини белгилаш қийин. Шунга қарамай, 2026 йил июнь ойида «International Soil and Water Conservation Research» (ISWCR) журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, 1930 йилдан 2020 йилгача бўлган 90 йил давомида Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмларида сув оқими 54 фоиздан 77 фоизгача камайган.

Амударёдан ҳар йили 22 миллиард куб метргача сув оладиган Ўзбекистон учун бу жуда жиддий масала. Бу мамлакатнинг жами сув ресурсларининг 15-20 фоизига тенг. Хоразмда эса қишлоқ хўжалиги ерларининг қарийб 90 фоизи дарё ва унинг каналлар тармоғига боғлиқ.

«Баъзида канал бирдан ёпиб қўйилади», дейди Урганчдан шимоли-ғарбий томонда жойлашган Шовот туманидаги шоликор Неъмат Ишчан. Унинг айтишича, бу сувни тежаш учун зарур чора. «Аммо бу айрим хўжаликларни жуда оғир аҳволга солиб қўяди, айниқса каналнинг энг охирида жойлашган далаларни», дейди у.

«Шоли етиштириш тобора қийинлашиб бормоқда», дейди Урганч яқинидаги яна бир шоликор Камолиддин Юсупов. Кўп сув ичадиган бу экин сабабли унинг даромади тўрт йил ичида 25 фоизга камайган. Унинг далалари юқорида жойлашган майдонлар суғорилгандан кейин қайта ишлатиладиган коллектор-дренаж сувлари билан суғорилади. Аммо бу ерда ҳам сув миқдори йилдан-йилга камайиб бормоқда. «Гектаридан 70 центнердан ортиқ шоли олсак, фойда қиламиз. Ҳозир эса гектаридан атиги 45-50 центнер ҳосил оляпман», дейди фермер.

Вазиятнинг яна бир хавотирли томони шундаки, шоли Ўзбекистон ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Чунки у мамлакатнинг миллий таоми бўлган паловнинг асосий масаллиғидир. Шолининг аҳамияти шу қадар каттаки, ҳатто АҚШдаги «Биг Мак индекси»дан илҳомланган «палов индекси» орқали яшаш қийматидаги ўзгаришлар ҳам кузатиб борилади. «Мамлакатдаги энг мазали шоли бизда етиштирилади. Иқлимимиз туфайли у табиий равишда шўртаъм бўлади», дейди Ш. Султонов ғурурланиб, сотувга тайёрланган беш килограммлик шоли халтасига бир қўлини тиқиб, ўз маҳсулотини кўрсатар экан.

Бу ўзига хос хусусият аслида совет давридан мерос қолган экологик фожианинг оқибатидир. Хоразмдан қарийб 400 километр шимолда жойлашган Орол денгизининг қуриб бориши туфайли ҳудуд тупроқлари кучли шўрланган. Ёпиқ сув ҳавзаси бўлган Орол денгизи совет даврида пахта яккаҳокимлигини ривожлантириш учун Амударё сувининг ўнлаб йиллар давомида катта миқдорда бошқа мақсадларга йўналтирилиши оқибатида ўз ҳажмининг 90 фоиздан ортиғини йўқотди. «Ҳозир ундан Франция ҳудудичалик катта, туз қоплаган улкан текисликдан бошқа ҳеч нарса қолмаган», дейди Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ташқи алоқалар бўйича раҳбари Вадим Соколов Тошкентдаги ишхонасида харитани кўрсатар экан.

«Йилнинг қарийб ярмида шамол туз зарраларини юзлаб километр узоқликка, жануб ва шарқ томонларга учириб кетади», дейди гидротехника муҳандиси Вадим Соколов. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Хоразмда бир гектар шолидан худди шундай ҳосил олиш учун мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қараганда кўпроқ сув талаб этилади: бу ерда 30 минг куб метргача сув сарфланса, бошқа ҳудудларда 22 минг куб метр кифоя қилади. «Биз экишдан олдин тупроқни ювиб оламиз», дейди Неъмат Ишчан шоли даласи ёнида туриб. «Бунинг учун ерни икки-уч марта суғориб, тузини чиқариш керак. Фақат сув етарли бўлса бўлди…» дея хўрсинади у.

Гўё совет давридан қолган мерос ва глобал исишнинг ўзи етарли эмасдек, Хоразм фермерлари энди учинчи бир хавф билан ҳам юзма-юз келмоқда. Афғонистонда 2023 йилдан буён Балх вилоятидаги чўл ҳудудларини суғориш учун Қўштепа канали қурилмоқда. Канал қурилиши 2028 йилда якунланиши кутилмоқда. У ишга тушгач, Амударё сувининг қарийб тўртдан бир қисмини буриб юбориши ва Ўзбекистонга оқиб кирадиган сув миқдорини 15 фоизга камайтириши мумкин. Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин Кобул томонидан бир томонлама бошланган бу лойиҳа юзасидан Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги Толибон ҳукумати вакиллари билан масалани муҳокама қилаётган қўшма ишчи гуруҳ фаолият юритаётганини маълум қилган.

Сув танқислиги тобора кучайиб бораётган бир пайтда Тошкент сув исрофини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳар йили 12-14 миллиард куб метр сув, яъни олинаётган сувнинг учдан бир қисмидан кўпроғи суғориш каналларидан сизиб кетиши оқибатида йўқотилади. Бундай каналлар Хоразм ва Қорақалпоғистонда айниқса кўп. Ҳукумат каналларни бетонлаштириш ишларини жадаллаштирмоқда, шунингдек, лазер ёрдамида ерни текислаш усулини кенг жорий этишни рағбатлантиряпти. Фермерларга эса сувни тежайдиган янги технологиялардан фойдаланиш тавсия этилмоқда. 2030 йилга қадар жами 15 миллиард куб метр сувни тежаш мақсад қилинган.

Хоразм бу борада янги усуллар синовдан ўтказилаётган ҳудудга айланди. Ғайрат Орағметов ўз фермер хўжалигида сўнгги олти ойдан бери насос ер остидаги ўн икки метрча чуқурликдан сув тортиб чиқариб, қувурлар тармоғи орқали уни далаларга бир меъёрда етказиб бермоқда. АҚШда ишлаб чиқилган бу ақлли суғориш тизими БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) кўмагида амалга оширилаётган тажриба лойиҳаси доирасида ўрнатилган. «Бу йил шу тизим ёрдамида сув сарфини қарийб 30 фоизга камайтиришга эришдик», дейди фермер. Бироқ ҳукумат янги технологияларни жорий этиш учун фермерларга субсидия ажратаётганига қарамай, FAO маълумотларига кўра, айрим кичик хўжаликларда улардан фойдаланиш ҳали ҳам чекланган. Бунга технологияларнинг қимматлиги, молиялаштириш имкониятларининг чеклангани ва техник билимларнинг етишмаслиги сабаб бўлмоқда.

Жавобини камдан-кам амалдор очиқчасига айтишга жазм қиладиган яна бир савол бор: сув тобора танқислашиб бораётган ҳудудларда шоли ва пахта етиштиришни давом эттириш керакми?

«Якка турдаги экин етиштиришга асосланган бу сиёсат ҳали ҳам чуқур илдиз отган», дейди Берлинда фаолият юритаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниязова. У фермерлар ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни мунтазам кўтариб чиқадиган «Ўзбек форум» нодавлат ташкилотида ишлайди. «Давлат муайян экин турларини етиштириш учун ер ажратади ва фермерлар кўпинча шу экинларни етиштириш билан чекланади. Фақат шу йилдан бошлаб уларга бироз кўпроқ эркинлик берилди. Энди пахта ва ғалла учун ажратилган ерларнинг 10 фоизида ўзлари истаган экинни етиштиришлари мумкин», дея тушунтиради Ниязова.

Урганчлик тажрибали фермер Руслан Қаландаров бу имкониятдан фойдаланиб, кунжут етиштиришга ўтиш ниятида. «Кунжут учун бор-йўғи 3-4 минг куб метр сув керак. Бу шолига сарфланадиган сувдан қарийб ўн баравар кам», дейди у мамнуният билан. «Кунжутнинг энг катта афзаллиги шундаки, у қурғоқчиликка жуда чидамли. Шунинг учун яхши муқобил экин бўлиши мумкин». Амударё соҳилидан бир неча километр узоқдаги ҳамкасбига тегишли даланинг ўртасида турган фермер келаси йили биринчи марта кунжут экиш учун зарур рухсатномаларни ҳали кутмоқда.

Манба: Le Monde газетасининг 2026 йил 25 августдаги мақоласи ўзбек тилига таржима қилинди.