ОТБнинг таъқибларга нисбатан “мутлақо тоқатсизлик” сиёсати

Ҳимоя механизмлари қоғозда мавжуд, аммо тараққиёт банклари ушбу механизмларнинг амалда ишлашига тўсқинлик қилаётган сиёсий воқеликка қарши туришга тайёрми?

Осиё тараққиёт банкининг (OTB) халқаро ривожланиш лойиҳалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни кузатиб, улар ҳақида хабар бераётган фаоллар ва маҳаллий жамоаларга нисбатан таъқибларга қарши “мутлақо тоқатсизлик” сиёсати уларни ҳимоя қилишни кучайтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Аммо шу ой бошида Самарқандда ўтган Осиё тараққиёт банки йиллик йиғинида бу мажбурият замонавий Ўзбекистоннинг сиёсий воқелиги билан бевосита тўқнаш келди.

3–6 май кунлари Самарқандда Осиё тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳукумат амалдорлари, банкирлар, инвесторлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди. Мен “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” ташкилоти асосчиси ва директори сифатида Осиё тараққиёт банки молиялаштирган лойиҳаларда “самарали маслаҳатлашувлар, ҳисобдорлик ва шикоят механизмлари”га нисбатан тазйиқ ва таъқибларнинг таъсирига бағишланган панелда сўзга чиқиш учун таклиф этилдим.

Ажабланарлиси шундаки, Тошкентга келганимдан сўнг мен ва “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” ташкилоти билан боғлиқ яна икки иштирокчининг тадбирда рўйхатдан ўтиши Ўзбекистон ҳукумати томонидан ноаниқ “хавфсизлик сабаблари”га биноан тасдиқланмаганини билдик. Аввалига бизга тадбирда иштирок этишимиз мумкинлиги айтилган бўлса-да, бу қарор тез орада бекор қилинди. Кейинчалик эса бизга чекланган тарзда қатнашишимиз мумкинлиги, расмий сессиялар ўтказилаётган асосий майдонга кириш эса тақиқланиши маълум қилинди.

Бу “хавфсизлик хавотирлари” аслида нимадан иборат экани ёки Берлинда расман рўйхатдан ўтган инсон ҳуқуқлари ташкилоти кимнинг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги ҳеч ким томонидан изоҳланмади. Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик қилган Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги банкка “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” ташкилотининг иштирокига қарши эмаслигини, аммо мамлакат хавфсизлик тизими қабул қилган қарорларга таъсир ўтказа олмаслигини билдирган. Бу ҳолат муҳокама қилинаётган муаммонинг ўзига хос ва рамзий ифодаси эди: фуқаролик жамиятига қарши босимлар ҳақидаги панелда иштирок этиши керак бўлган фуқаролик жамияти вакилининг ўзи тадбирдан четлатилди.

Айтиш жоизки, Осиё тараққиёт банки дастлаб менга масофадан туриб иштирок этишни таклиф қилган бўлса-да, мен аллақачон Берлиндан Самарқандга етиб келганимни инобатга олиб, музокараларни давом эттирди. Агар бу тартиб амалга ошганида, жуда ғалати ва зиддиятли ҳолат юзага келар эди: конференция ўтаётган жойдан бир неча қадам наридаги меҳмонхона хонасидан Zoom орқали таъқиблар ҳақида маъруза қилишимга тўғри келар, айни пайтда эса менга конференция ўтказилаётган бинога киришга рухсат берилмас эди.

Бу воқеа Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётган бир шароитда юз берди. Банк томонидан яна 12,5 миллиард долларлик инвестиция пакети эълон қилиниб, у сўнгги беш йил давомида ажратилган 5,4 миллиард долларлик кредитларга қўшимча бўлди. Осиё тараққиёт банкининг 2024–2028 йилларга мўлжалланган мамлакат ҳамкорлиги стратегиясига мувофиқ, банк Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлаш, хусусий секторни ривожлантириш ва инсон капиталига сармоя киритишни мақсад қилган.

“Янги Ўзбекистон”нинг очиқ, ислоҳотлар олиб бораётган ва жадал ривожланаётган иқтисодиёт сифатида эҳтиёткорлик билан шакллантирилаётган ижобий имижи аслида фуқаролик жамияти кескин чекланган, сўз ва уюшиш эркинликлари эса ҳануз жиддий тарзда маҳдуд бўлган воқеликни сояда қолдириб келмоқда.

Самарқанддаги Осиё тараққиёт банки йиғини давомида Ўзбекистон ҳукумати фаолларга айнан шу воқеликни эслатиб қўйишга қатъий бел боғлагандай туюлди. ОТБ вакиллари билан учрашиш учун Самарқандга келган бир неча ўзбек фаолларига ИИБ ёки маҳаллий ҳокимиятлардан қўнғироқлар бўлди. Қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига боғланган шахслардан бири у билан ёлғиз гаплашишни сўраб, ўзини “Республика маҳалла қўмитаси” вакили сифатида таништирди. Унинг айтишича, форумда иштирок этаётган барча ўзбек фаолларига уларнинг ҳар қандай “эҳтиёжлари”га ёрдам бериш учун “масъул шахс” бириктирилган экан. Бошқа фаоллар эса нега Самарқанддаги форумда иштирок этаётганини маҳаллий амалдорларга тушунтиришга мажбур бўлганини айтди. Улардан бирига ҳатто “бирор нарса айтишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш” ҳақида огоҳлантириш берилган.

 

Ўзбек фаоллари учун бундай босим ва қўрқитишлар янгилик эмас. Бироқ бу сафарги ҳолатнинг вақти алоҳида эътиборга молик эди. ОТБнинг “Ҳимоя механизмлари” бўлими директори Брюс Данн панел давомида айтганидек: “тараққиёт жамоалар ва ўз фикрини билдирган инсонларни жазолаш эвазига қурилмаслиги керак.”

Банкнинг 2024 йил ноябрида тасдиқланган “Экологик ва ижтимоий рамкаси”га кўра, таъқиб ва тазйиқ ҳолатлари ушбу муассасанинг асосий қадриятлари ва миссиясига зид ҳисобланади. Самарқандда эса ушбу мажбурият реал вақтда синовдан ўтди.

Ривожланиш банклари учун жамоат иштирокини таъминлаш — асосий мажбуриятлардан биридир. Фуқаролик жамияти ва лойиҳалардан бевосита таъсир кўрган аҳолининг қўрқувсиз ўз хавотирларини билдириш имконияти самарали хавфларни баҳолаш ва лойиҳа бўйича пухта текширур борасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга ва охир-оқибат янада яхши лойиҳа дизайнлари ва натижаларга олиб келади. Бироқ Ўзбекистонда жамоатчилик иштирокининг ўзи ҳам ўнлаб йиллик босим ва авторитар бошқарув натижасида заифлашиб, бўшаб қолган фуқаролик жамияти шароитида жиддий равишда издан чиққан.

Сўнгги йилларда нисбатан очиқлик даврида пайдо бўлган журналистлар ва фаоллар эса, айниқса йирик коррупция ва хорижий инвестициялар каби сиёсий “қизил чизиқлар”ни кесиб ўтмаслик учун ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлишмоқда.

Сўнгги йилларда “Ўзбек форум” ташкилоти Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси томонидан молиялаштирилган, жуда баҳсли “Indorama Agro” пахта лойиҳасини мониторинг қилиб келди.

Лойиҳани кузатиш жараёнида ишчиларга нисбатан таъқиб ҳолатлари қайд этилди, жумладан тазйиқ, ноқонуний ишдан бўшатиш ва касаба уюшмаси фаолиятини бўғиш амалиётлари содир бўлди. Шу билан бирга, мустақил фаоллар инсон ҳуқуқлари бузилишларини ҳужжатлаштиргани учун ҳукумат томонидан таҳдидларга дуч келди. Бир ҳолатда, маҳаллий фаол ИИБ томонидан бир неча соат ушлаб турилди ва хорижий ташкилотлар билан маълумот алмашмаслик ҳақидаги баёнотни имзолашга мажбур қилинди. Бундай баёнотлар юридик жиҳатдан кучли бўлмаса-да, улар кучли қўрқитиш воситаси сифатида хизмат қилади. Бунинг оқибатида ўша фаол конференцияларда иштирок этишдан қўрқиб қолган. Яна бир ҳолатда эса, “Indorama Agro” ишчилари билан суҳбат ўтказган мониторга нисбатан жиноий иш қўзғатиш билан таҳдид қилинган. Ушбу воқеалардан сўнг, “Ўзбек форуми” маҳаллий фаоллар ва ишчилар хавфсизлигини муҳофаза қилиш мақсадида лойиҳа мониторингини тўхтатишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон ҳукуматининг танқидий овозларни ўчириш амалиёти шундай мураккаб, лекин айни пайтда четлаб ўтиб бўлмайдиган саволни юзага келтиради: фуқаролик жамияти заиф, сўз эркинлиги қаттиқ назорат остида бўлган ва маҳаллий жамоатчилик ўз фикрини билдириш ёки ҳуқуқий ҳимоя излашдан қўрқадиган шароитларда Осиё тараққиёт банкининг таъқибларга нисбатан “мутлақо тоқатсизлик” сиёсати қандай қилиб самарали ишлаши мумкин?

“Ўзбек форум” ташкилоти фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилиш ва ҳисобдорликни кучайтириш борасида ОТБ томонидан самимий ҳатти-ҳаракатларни тан олган ва қадрлаган ҳолда таъкидлайдики, таъқибларга нисбатан “мутлақо тоқатсизлик” сиёсати фақатгина одамлар ҳуқуқбузарликлар ҳақида хавфсиз тарзда хабар бера оладиган шароит мавжуд бўлсагина самарали ишлаши мумкин. “Indorama Agro” иши эса шуни кўрсатдики, ҳатто одамлар қўрқувни енгиб, овоз чиқаришга журъат этган ҳолларда ҳам, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси камида уч йил давом этган таъқиблар тизимини ҳал қилиш учун етарли механизмга эга эмас эди.

Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистонга инвестиция киритаётган бошқа тараққиёт банклари олдидаги асосий савол ҳимоя механизмлари қоғозда бор-йўқлиги эмас, балки улар амалда ишламаслигига сабаб бўлаётган сиёсий воқеликка қарши туришга тайёр ё тайёр эмаслигидир. Халқаро молия институтлари ўзларининг катта таъсир кучидан фойдаланишдан чекинмаслиги ва “ёпиқ” деб ҳисобланадиган мамлакатда жамоатчилик иштирокини самарали таъминлаш учун сиёсий иродани намоён этиши керак.

Ушбу мақола инглиз тилида  The Diplomat нашрида эълон қилинган

Муаллиф Умида Ниязова