«Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум» ташкилоти Қашқадарё вилоятида 2026 йил 5 июнь куни ҳибсга олинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жавоҳир Мўминов ИИБ ҳибсида бўлган вақтида тан жароҳатлари олганини тасдиқловчи суд-тиббий экспертиза хулосаси нусхаси билан танишди.

«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Жавоҳир Мўминов адвокатига берган кўрсатмасида, Қарши шаҳар Ички ишлар бўлими биносида ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни калтаклагани ва бошига пакет кийдириб бўғишга уринганини маълум қилган. 2026 йил 10 июнь куни унинг адвокати Лазизжон Шаринов Қарши шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, суд-тиббий экспертизаси тайинлашни сўраган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Жавоҳир Мўминовнинг ҳар икки сони, елкалари ва тос соҳасида кўплаб кўкаришлар ҳамда тирналишлар аниқланган. Шунингдек, экспертиза давомида унинг бош, бўйин ва ўнг тўпиқ қисмида оғриқ мавжудлиги ҳам қайд этилган.

Эксперт хулосасида қайд этилишича, аниқланган тан жароҳатлари қаттиқ, ўтмас жисм таъсири натижасида келиб чиққан. Шунингдек, жароҳатлар етказилган вақт Мўминов томонидан кўрсатилган даврга мос келиши таъкидланган. Жароҳатлар қай тарзда етказилганига эса тергов жараёнида ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги кўрсатилган.

«Оғзини ёп»: Мўминов ҳибсда кўрган муносабат ҳақида сўзлаб берди

Суд-тиббий экспертиза давомида Жавоҳир Мўминов ҳибсга олиниши ва ички ишлар органида сақланган вақтида содир бўлган воқеалар ҳақида батафсил кўрсатма берди. Унинг айтишича, 2026 йил 5 июнь куни Қарши шаҳрида фуқаролик кийимидаги шахси номаълум икки нафар эркак унинг ёнига келиб, чўнтагига бир парча қоғозни солиб қўйишга уринган.

«Улар бунинг уддасидан чиқа олишмади. Мен дарҳол чўнтакларимни ағдариб кўрсатдим», — дея маълум қилган Мўминов экспертга.

Мўминовнинг сўзларига кўра, ортидан «MOON» ёзуви туширилган қора шлем кийган бир нафар ходим унинг олдига келиб, мажбуран автомашинага ўтқазган. Унинг таъкидлашича, автомашинага олиб кетилаётган пайтда белининг пастки қисми ва сон-чаноқ соҳасига тепишган, автомашина ичида эса бошига бир неча бор зарба беришган

Мўминов, шунингдек, олиб кетилаётган вақтида ходимлар бошига пакет кийдириб, уни маҳкам тортишганини билдирган. Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб келингач, дастлаб уни бир хонага киритишган. Бироқ у ерда видеокузатув камераси борлиги айтилгач, уни йўлакда ушлаб туришган. Мўминовнинг айтишича, у ўтиришга уринганида ходимлар унинг оёқларига тепишган.

«Яна ўзимни ёмон ҳис қилаётганимни айтганимда, қора футболка кийган бир ходим: “Оғзини ёп”, деди», — дея кўрсатма берган Мўминов.

Мўминовнинг айтишича, шундан сўнг ходимлар пакетни унинг бошига тўлиқ кийдириб, нафас ололмаётганини айтиб қилган шикоятларига қарамай, оғзини скотч билан ёпишган.

Мўминовнинг аҳволи оғирлашгач, ходимлар тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлган. Унга тиббий ёрдам бир неча марта, аввал Ички ишлар бўлими биносида, кейин эса 2026 йил 6 июнь куни тонгда вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилганидан сўнг ҳам кўрсатилган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Мўминов 2026 йил 9 июнь куни Қарши шаҳридаги 5-сон тергов ҳибсхонасига ўтказилгунга қадар унга камида тўрт ёки беш марта тез тиббий ёрдам чақирилган.

Мўминовнинг айтишича, 5-сон тергов ҳибсхонаси маъмурияти уни ўша куни «оёғидаги жароҳат» сабабли қабул қилишдан бош тортган ва у мазкур муассасага фақат кейинги куни қабул қилинган.

Ҳодиса тафсилотлари: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан зўравонлик қўллангани ҳақидаги айбловлар билан боғлиқ иш

Жавоҳир Мўминов 2026 йил 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (товламачилик) билан ҳибсга олинган. Мазкур жиноят иши Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан фуқаро Жўра Акбаровга нисбатан зўравонлик ишлатилгани юзасидан олиб борилган тергов билан боғлиқ. Мўминов ушбу ишда Акбаровга ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келган.

2026 йил май ойида Мажбурий ижро бюроси ходимларидан бири — Шухрат Қуватов Жўра Акбаровга тан жароҳати етказганликда айбдор деб топилиб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Акбаров ушбу ҳукм устидан аппеляция шикояти бериб, суддан Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими бошлиғининг ўринбосари Хусан Нурмаҳметовнинг ҳам ушбу воқеадаги ролини кўриб чиқишни сўраган.

2026 йил 5 июнь куни, яъни Мўминов ҳибсга олинган куни, Акбаровга нисбатан куч ишлатганликда айбланган Мажбурий ижро бюросининг икки нафар ходими ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган. Улар Акбаров, унинг турмуш ўртоғи ҳамда фаол Жавоҳир Мўминов суд ҳукми устидан берилган апелляция шикоятини қайтариб олиш ва ходимларга нисбатан оғирроқ жазо тайинланишига эришиш бўйича ҳаракатларни тўхтатиш эвазига 220 миллион сўм талаб қилганини иддао қилган.

Товламачилик ҳақидаги ариза берилганидан сўнг, айбдор деб топилган ходимлардан бири Акбаровнинг турмуш ўртоғи номига расмийлаштирилган банк картасига 50 миллион сўм ўтказган. Кейинчалик тергов ушбу пул ўтказмасини товламачилик натижасида олинган маблағ сифатида баҳолаган. Мазкур ўтказма Жўра Акбаров, унинг турмуш ўртоғи ва Жавоҳир Мўминовга нисбатан қўзғатилган жиноят ишидаги асосий далиллардан бирига айланган.

Жавоҳир Мўминовнинг ҳибсга олиниши ва калтакланиши Ўзбекистон ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан амалга оширилаётган босим ва таъқиблар давом этаётганини кўрсатувчи навбатдаги ҳолатга ўхшайди.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум» ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Жавоҳир Мўминовнинг қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабатга дучор этилгани ҳақидаги даъволари юзасидан тезкор, холис ва мустақил тергов ўтказишга; айбдорларни жавобгарликка тортишга; шунингдек, Мўминовга зарур тиббий ёрдам, адвокатлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти ҳамда унга нисбатан кейинги босимлардан ҳимояланиш кафолатларини таъминлашга чақиради.