Ҳуқуқ фаоллари Суннатбек Қамчиев, Жавоҳир Мўминов ва Мурод Маҳсудовнинг ҳибсдаги даврида қийноқ ва шафқатсиз муомалага дучор бўлгани ҳақида билдирилган сўнгги учта ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг жавобгарлиги таъминланмаётгани, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати бундай даъволарни шаффоф ва холис тарзда тергов қилишга қодир эмаслиги ёки бунга хоҳиши йўқлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Суннатбек Қамчиев сақланаётган жазони ижро этиш колониясида муассаса ходимлари томонидан калтаклангани айтилмоқда. Жавоҳир Мўминов қўлга олиниши вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ёмон муомалага дучор бўлган ва бунинг оқибатида нафас олишда қийинчиликлар ҳамда танасида кўкаришлар пайдо бўлган. Мурод Маҳсудов эса сақланаётган қамоқхонасида бир неча бор якка жазо камерасига қамалган ва ўзини ўзи жароҳатлашига олиб келган кучли руҳий босимга дучор қилинган. 

Ушбу уч нафар фаолнинг ишлари бир-бири билан боғлиқ бўлмаса-да, уларнинг барчаси қамоққа олинишидан олдин халқ манфаатларига дахлдор фаолият билан шуғулланган. Мўминов ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида, Маҳсудов ва Қамчиев эса ўз ҳудудларида аҳолига таъсир қилаётган ижтимоий муаммолар ҳақида ёритувчи блогерлар сифатида фаолият олиб борган.

Уларга қўйилган айбловлар ва уларни айбдор деб топиш учун қўлланган усуллар сўнгги йилларда ҳуқуқ фаолларига қарши тобора кўпроқ қўлланилаётган усуллар қаторига кириб, танқидий овозларни бўғиш воситасига айланмоқда. Фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиш амалиёти Каримов даврини эслатади. Айни пайтда, бу ҳолат Президент Мирзиёевнинг «янги Ўзбекистон» барпо этиш ҳақидаги даъволарига мутлақо мос келмайди ҳам. Энг хавотирли жиҳати шундаки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ушбу шахсларга нисбатан муносабати ҳибс ва қамоқхоналарда қийноқ қўлланилаётгани ҳақидаги тобора кўпайиб бораётган хабарларни янада кучайтирмоқда.

Жавоҳир Мўминов

Жавоҳир Мўминов — «Эзгулик» жамияти аъзоси ва ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, “Indorama Agro” корхонаси ишчиларига ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишда ёрдам бериб келган.

У 2026 йил 5 июнь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманида Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми бўйича товламачиликда гумонланиб қўлга олинган. Мўминовнинг айтишича, қўлга олиш вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари уни автомашинага мажбуран ўтқазаётган пайтда тепган, бошига урган, бошига халта кийдирган ва оғзига скотч ёпиштирган. Бу эса унинг нафас олишида қийинчилик туғдирган. Аҳволи оғирлашгач, тез ёрдам бир неча бор чақирилган ва шундан сўнг у тергов ҳибсхонасига олиб кетилган.

Беш кун ўтиб, унинг адвокати Лазизжон Шарипов Қарши шаҳар прокуратурасига Мўминовнинг тан жароҳатларининг хусусияти ва қачон етказилганини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинлашни сўраб мурожаат қилди. “Ўзбек форум” ташкилоти тиббий хулосани ўрганиб чиқди. Хулосада Мўминовнинг сонлари ва елкаларида кўкаришлар, шунингдек, чаноқ соҳасида жароҳатлар аниқлангани қайд этилган. Тиббий хулосага кўра, ушбу жароҳатлар қаттиқ, ўтмас жисм таъсирида етказилган бўлиб, Мўминов ҳибсда сақланган даврга тўғри келади.

Мўминовнинг қўлга олинишига Қарши шаҳар Мажбурий ижро бюросининг икки ходими томонидан берилган шикоят сабаб бўлган. Улар Мўминов ва яна икки нафар шахсни жиноий қилмиш содир этгани иддао қилинаётган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишни сўраб берилган шикоятни қайтариб олиш эвазига 220 миллион сўм талаб қилганликда айблаган.

Ушбу мансабдор шахслардан бири — Шуҳрат Қуватов 2026 йил май ойида Мўминов ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келган шикоятчилардан бирининг тан жароҳати олишига сабаб бўлгани учун судланган. Унга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мурод Маҳсудов, @Kun.uz

Мурод Маҳсудов

Мурод Маҳсудов — тошкентлик блогер, фаол ва Мўминов сингари инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти аъзоси. У 2024 йилда Яшнобод тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан туҳмат (Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а» ва «г» бандлари), товламачилик (165-модда 2-қисми «б» банди) ҳамда ўзлаштириш ёки растрата (167-модда 2-қисми «б» ва «г» бандлари)да айбдор деб топилиб, етти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари унинг суди ёпиқ тарзда ўтказилганини таъкидлаган.

Қамоққа олинишидан олдин Маҳсудов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали инсон ҳуқуқлари бузилиши, уйларни ноқонуний бузиш ҳаракатлари ва мажбурий кўчириш ҳолатларини ёритиб келган.

2026 йил 15 июль куни ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Давлатова Зангиота туманидаги 22-сонли жазони ижро этиш колониясида Маҳсудов билан учрашганидан сўнг, унинг руҳий босим, ҳақорат ва таҳқирларга дучор бўлаётганини хабар қилган. Давлатованинг сўзларига кўра, Маҳсудов давлат идораларига юборган шикоятлари ва мурожаатларига берилган жавобларни олмаган.

Хабарларга кўра, Маҳсудов 2026 йил май ойида енгилроқ турдаги бошқа жазони ижро этиш муассасасига ўтказилиши керак эди. Бироқ уни кўчириш амалга ошмаганидан сўнг, у норозилик сифатида иккала қўлидаги вена томирларини кесган.

Унинг ҳибсдаги шароити борасида хавотирлар аввал ҳам билдирилган эди. 2025 йил февраль ойида Давлатова Маҳсудовнинг отасига таяниб хабар беришича, Маҳсудов «мунтазам ҳуқуқбузар» сифатида бир неча бор якка ҳолдаги жазо камерасида сақланган ва аввалги 100 килограммдан ортиқ вазнидан тахминан 45 килограмм йўқотган.

Маҳсудов бунга қадар ҳам икки марта жазо камерасига жойлаштирилган бўлиб, Давлатованинг маълум қилишича, у ерда ўзини осишга уринган.

Хабарларга кўра, уни мунтазам равишда кўриш имконига эга бўлган ягона яқин қариндоши отаси Мамиржон Маҳсудов эди. 2025 йил май ойида у ўғлини кўриш учун Навоий вилоятига бораётган пайтида вафот этган. Унинг ўлими ҳолатлари ёки сабаби ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Суннатбек Қамчиевнинг YouTube каналидаги видеосидан скриншот.

Суннатбек Қамчиев

Суннатбек Қамчиев — андижонлик блогер ва мультимедиа контент яратувчиси бўлиб, ҳозирда олти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. У ва шериги Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандларига асосан, бир гуруҳ шахслар томонидан катта миқдорда содир этилган товламачиликда айбдор деб топилган. “Ўзбек форум” ташкилоти ўрганган 2026 йил 10 апрелдаги суд ҳукми нусхасига кўра, унга нисбатан жазо Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан тайинланган. Суд Қамчиев жазони қаттиқ тартибли жазони ижро этиш колониясида ўташини белгилаган.

Қамоққа олинишидан олдин Қамчиев 50 мингдан ортиқ YouTube обуначисига эга бўлган “Sensatsiya Novosti” медиа каналини юритган. Унинг материалларида жамоатчилик учун муҳим бўлган ва маҳаллий муаммолар, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимидаги эҳтимолий қонунбузарликлар ва коррупция, дорихоналарда дори-дармонларни сотиш билан боғлиқ ҳолатлар ёритилган.

Қамчиев, шунингдек, блогерлар ва фаолларга ИИБ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилаётган босим юзасидан очиқ хавотир билдирган.

Суд ҳукмига кўра, Қамчиев ва унинг шериги Бахтиёр Рустамов фармацевтика ва санитария қоидалари бузилгани ҳақидаги ҳолатлар акс этувчи бир нечта дорихоналарни тасвирга олган. Суд улар кейинчалик ушбу видеоларни ижтимоий тармоқларда эълон қилмаслик эвазига пул талаб қилган, деган хулосага келган.

Ишнинг айрим ҳолатлари баҳсли экани айтилмоқда. “Aspekt 24” медиа канали Қамчиев дорихона эгаларидан шахсан пул талаб қилганми ёки Рустамов улардан пул олганидан хабардор бўлганми, деган саволни ўртага ташлаган. Хабарда айтилишича, Рустамов тергов ва суд жараёнида Қамчиев пул берилганидан бехабар бўлганини билдирган. Шунга қарамай, суд ҳар иккисини ҳам товламачиликда айбдор деб топиб, ҳар бирига олти йилдан қамоқ жазоси тайинлаган.

2026 йил июль ойида Суннатбекнинг онаси Мухайё Қамчиева ўғли сақланаётган жазони ижро этиш колониясида унга нисбатан ёмон муомала қилингани юзасидан шикоятлар берди. У шикоятида Қамчиев 13 июнь куни колонияга олиб келинганидан сўнг калтаклангани, шунингдек, санитария ҳолати талабга жавоб бермайдиган шароитда сақлангани ва унга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаганини билдирган.

Қамчиеванинг сўзларига кўра, кейинчалик ўғлининг ҳарорати 38,6 даражага кўтарилган, у танасидаги жароҳатлар ва оғриқлардан шикоят қилган. Унинг шикоятида бошқа маҳбусларга нисбатан зўравонлик қўллангани ҳақидаги даъволар ҳам келтирилган.

“Ўзбек форум” ташкилоти Қамчиевнинг қариндошлари билан суҳбатлашди. Улар таъқиб ёки босимдан хавфсирагани учун исмларини ошкор қилмасликни сўради. Оила аъзоларининг айтишича, онаси шикоят берганидан сўнг прокуратура вакиллари улар билан боғланган.

Қариндошларининг сўзларига кўра, қийноқ ҳолатлари юзасидан тегишли суд-тиббий экспертиза ўтказилмаган, шикоят эса далиллар етарли эмаслиги асоси билан амалда ёпилган.

Қийноқлар бўйича самарали тергов йўқ 

Узоқ йиллардан бери халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомала ҳолатларидан хавотир билдириб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун янада кучли кафолатлар жорий этиш ва самарали терговлар ўтказишга чақириб келмоқда. “Human Rights Watch” ташкилоти ҳам Ўзбекистон ҳукуматини ёмон муомала ва қийноқ ҳақидаги даъволарни тергов қилишга чақирган.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ҳам аввалроқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва қамоқхона ходимлари томонидан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги такрорий даъволар, шикоятларни самарали тергов қилишдаги камчиликлар ва шахс ҳибсга олинган дастлабки дақиқалардан бошлаб уни қийноқдан ҳимоя қилувчи асосий кафолатларни таъминлаш зарурати юзасидан хавотир билдирган.

Ўзбекистон Конституцияси қийноқ, зўравонлик, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазолашни тақиқлайди. Мамлакат, шунингдек, 1995 йилдан буён БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини (OPCAT) ратификация қилиш мажбуриятини ҳам олган. Ушбу протокол қамоқхоналар ва бошқа ҳибсда сақлаш жойларида мустақил профилактик мониторингни кучайтиришга хизмат қилган бўлар эди. Бироқ 2026 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳали ҳам мазкур протоколни ратификация қилмаган.

Ўзбекистон ҳукумати маҳбуслар ва ҳибсда сақланаётган шахсларга нисбатан қийноқ ва шафқатсиз муомала ҳақидаги ҳар қандай даъволар бўйича зудлик билан, холис ва шаффоф тергов бошлаши керак. Шунингдек, шикоятларни қасос ёки таъқибдан қўрқмасдан хавфсиз тарзда бериш имкониятини таъминлаш, видеокузатув камералари ёзувлари ва тиббий маълумотлар каби муҳим далилларни сақлаб қолиш ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш зарур.

Бундан ташқари, ҳокимият органлари маҳбуслар ва ҳибсдаги шахсларга зарур тиббий ва психологик ёрдамдан фойдаланиш имкониятини, адвокатлар билан махфий мулоқот қилиш ҳуқуқини таъминлаши ва уларнинг оила аъзолари билан учрашувларига тўсқинлик қилмаслиги шарт.