Сувни тежаш муҳим аҳамият касб этаётган бир пайтда ажратилган маблағлар қандай сарфланаётганини назорат қилиш ҳам шунчалик долзарб.
Қорақалпоғистоннинг Амударё туманига келгунга қадар бир нечта кичик фирмалар директори Илҳом Абдуллаев 2017–2024 йиллар орасида фирибгарлик, ўғирлик ва ҳужжатларни сохталаштириш айблари билан тўрт марта судланган эди. 2019 йилда у беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо кейинчалик бу жазо даромадининг 20 фоизини жарима тариқасида тўлаш билан алмаштирилган.
Шунга қарамасдан, Абдуллаев Амударё тумани ҳокимияти кўмаги билан яна 14 нафар фермерни сув тежайдиган тизимлар ўрнатиш бўйича шартнома имзолашга кўндирган. 2024 йил апрель–май ойларида у “Агробанк” кредити ҳисобидан тахминан 340 минг доллар маблағни олдиндан тўлов сифатида олган, аммо лойиҳалар бўйича деярли ҳеч қандай иш бажармаган. Натижада ҳар бир фермер 15 мингдан 100 минг долларгача қарз қарзга ботган.
2025 йил бошида фермерлар шикоят аризаси билан мурожаат қилгач, Абдуллаев қўлга олинган.
Судда фермерлар маҳаллий ҳокимият ходимлари уни “ишончли пудратчи” сифатида таништиргани ҳақида гувоҳлик беришган.
“Туман сув таъминоти бўлими ходими менга “Yuksalish Amir Rise” МЧЖ билан шартнома тузишни айтди”, — деди фермерлардан бири. “У менинг электрон калитларимдан фойдаланиб шартномани ўзи расмийлаштирган.”
2025 йил 15 май куни Амударё туман суди Абдуллаевни маблағларини талон-тарож қилиш айблови билан олти йилга озодликдан маҳрум қилди.
Бу воқеа оддий фирибгарнинг якка ҳолда қилган жинояти эмас. У Ўзбекистонда фермер хўжаликларида сув тежайдиган технологияларни жорий этиш билан боғлиқ жиддий муаммоларни очиб беради. Охирги йилларда фермерларнинг Telegram каналларида ва оммавий ахборот воситаларида яна ўнлаб шундай шикоятлар эълон қилинган. Назорат ва ҳисобдорликнинг йўқлиги, жамоатчилик назоратининг етишмаслиги ҳукуматнинг миллий суғориш тизимини модернизация қилиш дастури доирасида давлат харидларининг шаффофлиги ҳақида жиддий саволлар туғдирмоқда. Бу дастурга халқаро ривожланиш банклари юз миллионлаб доллар ажратмоқда.
Сув тежаш ислоҳотлари ортидаги ҳақиқат
Ўзбекистон инкор этиб бўлмайдиган ва тобора чуқурлашиб бораётган сув танқислиги муаммоси билан юзма-юз келмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда ишлатилаётган тоза сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади (дунё бўйича ўртача кўрсаткич тахминан 65 фоиз). Ҳар бир гектар ерга тўғри келадиган сув сарфи технологик жиҳатдан илғор давлатлардагидан 2–2,5 баробар кўп. 2030 йилга бориб, Ўзбекистон 7 миллиард куб метр сув танқислигига дуч келиши мумкин. Бир неча йил муқаддам “World Resources Institute” ташкилоти Ўзбекистонни 2040 йилга бориб сув танқислиги юқори бўлган давлатлар рўйхатига киришини башорат қилган эди.
Бу таҳдидга жавоб сифатида ҳукумат сув тежайдиган технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида сув етишмовчилигини бартараф этиш ташаббусларини бошлади. 2024 йил август ойи ҳолатига кўра, бу технологиялар 304 минг гектар майдонда жорий этилган. Шунинг 70,8 минг гектари томчилатиб суғориш, 33,2 минг гектари эса ёмғирлатиб сепувчи тизимлар орқали суғорилади.
Президент Шавкат Мирзиёев эълон қилган бошқа маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда сув тежайдиган тизимлар 224 минг гектар ерда қўлланилмоқда. Ҳукумат 2030 йилгача бу кўрсаткични 4,3 миллион гектар суғориладиган ернинг барчасини қамраб олиш даражасига етказишни режалаштирмоқда. Бу мақсад учун 2024 йилда 2,6 трлн сўм (тахминан 214 млн доллар), 2025 йил учун эса 1,2 трлн сўм (тахминан 100 млн доллар) ажратилган.
Фермерларни сув тежайдиган тизимлар ўрнатишга рағбатлантириш учун давлат имтиёзли кредитлар ва турли субсидиялар таклиф қилмоқда. Субсидия миқдори тизим турига қараб гектари учун 8–14 миллион сўм (тахминан 660–1100 доллар) орасида бўлиб, фермернинг ўзи ўртача 25 миллион сўм (2000 доллар) сарфлайди.
Бироқ кўплаб фермерлар субсидия умуман олмаганини ёки фақат қисман олганини маълум қилишган. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг исмини ошкор этмаган расмийси “Озодлик” радиоси мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:
“Сўнгги йилларда томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш кампанияси авжига чиқди. Тўғри, президент субсидия ваъда қилди. Лекин бу катта пул. Ҳозир бунга 350 миллард сўм керак. Аммо бизга бор-йўғи 70 миллиард сўм беришган. Бизда ҳам фермерларнинг юзлаб мурожаати бор, лекин қўлимиз калта, қаердан топиб берайлик?”
Сув тежайдиган технологияларни ўрнатиш: бу қанчалик иш беради?
2025 йил баҳорида “Ўзбек форум” ташкилоти мамлакатнинг турли ҳудудларидан 18 нафар фермер билан интервью қилди. Улар сув тежайдиган технологияларни жорий этиш жараёни “ихтиёрий-мажбурий” тарзда олиб борилаётганини айтишди. Интервью қилинган фермерлар айтишича, томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш тизимларини ўрнатган фермерларнинг кўпчилиги буни маҳаллий ҳокимият вакиллари давлат субсидияси берилишини ваъда қилгандан кейин қилган. Шунингдек, уларга “агар ҳозир ўрналишмаса, кейин давлат ёрдамидан маҳрум бўлиши мумкин” деб тушунтирилган.
“Ҳар йили томчилатиб суғориш тизими ўрнатиши керак бўлган фермерлар сони бўйича режа белгиланади,” — деди Қашқадарё вилоятидан бир фермер. “Фермерлар бунга рози бўлишади, чунки буни улар “рад этиб бўлмас бурч” деб билишади”.
Бироқ интервьюлар шуни кўрсатдики, фермерларнинг кўпчилиги қайси технология самаралироқ эканини танлаш кўникмасига эга эмас. Улар, одатда, маҳаллий ҳокимият тавсия этган масъулияти чекланган жамиятлар билан шартнома тузишади. Кўп ҳолларда бу жараённи уларнинг ўрнига маҳаллий амалдорлар амалга оширади, чунки фермерлар онлайн платформага кира олмайди. Шундан сўнг фермерлар томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун имтиёзли кредит олишади, аммо кўп ҳолларда кредитнинг фоиз ставкаси ёдларида бўлмайди ёки шартнома тузган компания номи эсларидан чиқиб кетган бўлади.
Қорақалпоғистоннинг Амударёсидан бўлган бир фермернинг айтишича, маҳаллий ҳокимиятлар ҳар йили сув тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича ўз фаолият кўрсаткичларини яхшилашга мажбур. Бироқ томчилатиб суғориш ҳамиша самарали ёки ҳар бир ҳудуд учун мос бўлавермайди.
«Хоразм ва Қорақалпоғистонда тупроқ жуда шўр,» — деди фермер. «Қувурлар майдонларга фақат кўргазма учун ўрнатилгандек туюлади. Аксарият фермерлар эса ерларини илгаригидек суғоришда давом этмоқда, чунки акс ҳолда пахта ёки ғалла ўсмайди.»
Бир нечта фермерлар айрим компаниялар томонидан амалга оширилаётган фирибгарлик схемалари ҳақида ҳам хабар беришган. Улар фермерларга сув тежайдиган технологияларни ўрнатиш учун кредит олишни таклиф қилиб, кейин кредит маблағининг 20–30 фоизини нақд пул кўринишида қайтариб беришади. Томчилатиб суғориш учун қувурлар етказиб берилади, лекин улар ўрнатилмайди, майдонда фақат намойиш учун қўйиб қўйилади. Натижада сув тежалмайди.
«Абдуллаев менга ҳам кредитни нақдлаштириш бўйича худди шундай схема таклиф қилганди, лекин мен рад этдим,» — деди фермер.
Фермерлар сув тежайдиган технологияларни ўрнатишдаги мажбурият ва ортиқча харажатлардан шикоят қилишмоқда. Улар, одатда, томчилатиб суғориш ускуналарини қаердан харид қилиш бўйича танлов имконига эга эмас, натижада ҳокимият ходимлари тавсия этган компаниялардан сотиб олишга мажбур бўлишади.
“Сўнгги йилларда томчилатиб суғориш тизимига ўтиш ҳақиқатан ҳам заруратга айланди”— деб ёзган Хоразм вилоятидан бир фермер фермерлар учун мўлжалланган Telegram каналда. “Бироқ сир эмаски, бу ислоҳотнинг илк йилларида қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосарлари пудратчи компанияларни тендерсиз ва фермерларни жалб этмасдан танлаган. Фермерлар эса банк кредити орқали пулни мажбуран шу компанияларга ўтказишга мажбур бўлишган. Натижада ҳеч қандай расмий шартнома, талаб ёки кафолатсиз ажратилган маблағлар кўп ҳолларда манзилига етиб бормаган — томчилатиб суғориш тизимлари ё умуман ўрнатилмаган, ёки фақат қисман ўрнатилган”.
Сувни тежаш ҳаётий аҳамият касб этаётган бир даврда ажратилган маблағлар қандай сарфланаётганини назорат қилиш ҳам шунчалик муҳим. Қатъий назорат ва ҳисобдорлик бўлмаган шароитда ҳар бир янги ислоҳот талончилик воситасига айланиб кетиш хавфини туғдиради, айниқса, давлат дастури қанчалик кенг кўламли ва шов-шувли бўлса, коррупцияга мойиллик шунчалик ортади.
Ушбу мақола муаллифи Умида Ниязова бўлиб, илк бор The Diplomat нашрида 2025 йил 31 октябр куни эълон қилинган.

