Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форумининг “Ўзбекистонда жазолаш психиатрияси: фаолларнинг овозини ўчириш” деб номланган янги ҳисоботида Ўзбекистон режими танқидчилари ва фаолларнинг овозини бўғиш учун мажбурий психиатрия хулосаларидан фойдаланишнинг хавотирли ҳолати тилга олинади. Ҳисоботда фаоллардан ўз позицияси учун очиқчасига ўч олиш мақсадида уларни мажбурий равишда психиатрия муассасаларига жойлаштириш билан боғлиқ еттита ҳолат келтириб ўтилади. Фаолларнинг аксарияти норозилик билдиргани ёки Ўзбекистон ҳукуматидан ислоҳотлар ўтказишни талаб қилгани ортидан руҳий касалга чиқарилган.